Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда “Хавфсизлик ойлиги” доирасида кенг кўламли амалий машқлар ташкил этилди.
Унда ўқувчилар ва ишчи-хизматчилар фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, аҳолини эвакуация қилиш ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлдилар.

Тадбир Мактаб-интернатнинг Меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими, "Ишонч" МФЙ инспектори ҳамда Гулистон туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Амалий машқлар давомида ўқувчилар ва ходимлар учун турли техникалар намойиши ҳам ўтказилди.

– Бундай тадбирлар болалар ва ходимларнинг хавфсизлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳар бир киши ўзини ва атрофдагиларни ҳимоя қилишни билиши, фавқулодда вазиятларда тез ва тўғри ҳаракат қила олиши муҳим. Бу – фақат билим эмас, ҳаётий кўникма ҳамдир, – дейди мактаб директори Ғолибжон Бозоров.

Машқлар сўнггида ишчи-ходимларга саноат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, ис гази ва дудбуронларни қиш мавсумига тайёрлигини текшириш зарурлиги яна бир бор эслатилди.

Мактаб-интернатда “Хавфсизлик ойлиги” доирасида амалий машқлар ва тарғибот тадбирларини давом эттириш режалаштирилган. Ушбу машқлар нафақат билимни, балки масъулият ва тезкор фикрлашни ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА