Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфсизлик маҳалладан бошланади
14:45 / 2026-02-12

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда. Бу — замон талаби, халқимиз эҳтиёжи ва тараққиёт гаровидир.

Жорий йил 27 январь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳит яратиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича намунавий амалиётни йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилди. Давлат раҳбари хавфсизликни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъулияти сифатида эмас, балки маҳалла, жамоатчилик ва барча мутасадди ташкилотлар ҳамжиҳатлигида амалга ошириладиган умуммиллий вазифа сифатида баҳолади.

Белгиланган вазифалар ижроси жойларда аниқ режалар ва манзилли чора-тадбирлар билан таъминланмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти, айниқса Шароф Рашидов туманида бу борада тизимли ёндашув қарор топмоқда. Туман ҳокимлиги ва прокуратура ташаббуси билан ижтимоий-иқтисодий ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган, 2026 йилнинг биринчи ярмига мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжат оддий режа эмас. У маҳалла кесимида муаммоларни аниқлаш, профилактик ишларни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган амалий дастурдир. Энг муҳими, “Йўл харитаси” доирасидаги ишлар очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида туман ҳокимлиги ҳамда прокуратура томонидан ҳамкорликда назорат қилинмоқда.

Зеро, хавфсизлик — бу фақат жиноятчиликка қарши кураш эмас. У ижтимоий барқарорлик, аҳоли бандлиги, ҳудуд ободлиги ва экологик маданият билан узвий боғлиқ тушунчадир.

2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани ҳам ана шу устувор мақсадларнинг мантиқий давомидир. Чунки жамият тараққиёти аввало маҳалладан, инсоннинг кундалик ҳаётидан бошланади.

Шароф Рашидов туманида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар бу ғоянинг амалдаги ифодасидир. Жумладан, 48,5 километр ички йўлларни ҳашар йўли билан шағаллаштириш ишлари бошланди. Бу нафақат инфратузилмани яхшилаш, балки аҳолининг ўз ҳудудига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, жамоавий масъулиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, тумандаги 48 та маҳаллада чиқиндиларни тўлиқ йиғиш ва олиб чиқиш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “Тоза ҳудуд” давлат муассасасининг махсус техникалари тасдиқланган график асосида тақсимланди. Бу чоралар санитария ҳолатини яхшилаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

[gallery-27620]

Президент томонидан белгиланган вазифалар ижросини жойларда аниқ натижалар билан таъминлаш — бугунги куннинг устувор талабидир. Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ана шу юксак талабларга муносиб жавоб бўлаётганини кўрсатади.

Хулоса шуки, хавфсизлик — бир марталик тадбир эмас, балки узлуксиз жараёндир. У маҳалладан бошланиб, бутун жамиятни қамраб олади. 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида амалга оширилаётган амалий ишлар эса юртимизда тинчлик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маҳалласи мустаҳкам юрт — келажаги ишончли юртдир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари