Муносабат
Тинчлик — ўз-ўзидан келиб қоладиган неъмат эмас. У ҳар куни, ҳар соат, ҳар бир маҳаллада тизимли меҳнат, қатъият ва масъулият билан таъминланади. Айнан шу ҳақиқат Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида очиқ, қатъий ва рақамлар асосида ўртага қўйилди.
Давлатимиз раҳбари пойтахт сўнгги йилларда мамлакатнинг иқтисодий, молиявий ва ижтимоий “локомотиви”га айланганини таъкидлар экан, бир муҳим қонуниятга эътибор қаратди: қаерда ривожланиш ва даромад ўсса, ўша ерда жиноятчиликнинг ҳам янги усуллари, энг аввало, пайдо бўлади. Бу табиий жараён. Аммо табиий бўлмаган ҳолат ҳуқуқ-тартибот тизимининг ушбу ўзгаришларга жавоб бера олмаётганидир.

Президентимиз томонидан келтирилган аниқ мисоллар вазиятнинг жиддийлигини кўрсатиб турибди. Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор тумани оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик бўйича биринчи ўринда турибди. Юнусобод тумани эса босқинчилик жиноятлари сони бўйича етакчи. Яшнобод ва Мирободда қотиллик ҳолатлари, Олмазорда оғир тан жароҳатлари, Шайхонтоҳурда эса талончилик жиноятлари энг кўп қайд этилган. Ушбу мисолларни статистика учун қабул қилмадик, аксинча, жамият учун жиддий огоҳлантириш, деб билдик.
Ёиғилишда пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинди. Ресурс, кадр ва илмий салоҳият етарли бўла туриб, ҳалигача эски иш услубидан чиқиб кетилмагани, маҳалла профилактикаси етарлича ишламаётгани очиқ айтилди. Масъулиятсизликка муросасиз муносабат билдирилди.
Йиғилишда хавфсизлик соҳасидаги яна бир оғриқли нуқта — коррупция ва яширин иқтисодиёт масаласи ҳам рақамлар билан очиб берилди. Қисқа муддатда 53 триллион сўм бюджет тушумлари, талон-торож ва молиявий камчиликлар аниқлангани, ташқи савдода эса 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик мавжудлиги маълум қилинди. Коррупциявий схемалар орқали 4,2 триллион сўм зарар етказилиб, шундан 1,3 триллион сўми ундирилган, 55 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу рақамлар давлат маблағлари ва жамоат манфаати қандай хавф остида эканини яққол кўрсатади. Ўз навбатида, бу ҳолатлар келгусида бундай камчиликлар такрорланмаслиги учун депутатлик назоратини янада кучайтириш, очиқлик ва ҳисобдорликни ошириш зарурлигини кўрсатади.
Йиғилишда Президент кибержиноятчиликнинг жадал ўсишига алоҳида эътибор қаратди. Агар илгари кибержиноятлар чекланган турлар билан ифодаланган бўлса, бугунги кунда улар сони 18 тадан 62 тагача кенгайди. Айниқса, шахсий маълумотларни ноқонуний ўзлаштириш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини сохталаштириш, шунингдек, криптовалюталар орқали молиявий маблағларни чиқариб кетиш каби ҳолатлар замонавий хавф-хатарларнинг асосий кўринишларига айланмоқда.
Ана шундай мураккаб шароитда давлат раҳбари томонидан “пойтахт намунаси” деб номланган мутлақо янги хавфсизлик тизими таклиф этилди. Чилонзор тумани мисолида жамоат хавфсизлигини бошқаришнинг янги модели жорий этилади: патруль, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари уч сменада ишлайди, хабар келиб тушганидан сўнг 5 дақиқа ичида воқеа жойига етиб бориш механизми йўлга қўйилади, аҳоли гавжум жойларда дронлар орқали назорат кучайтирилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу ислоҳотлар марказида инсон — фуқаро, маҳалла ва профилактика инспектори туради. Профилактика ходимларига ойлик устамалар жорий этилиши, уй-жой ва ижара тўловлари бўйича қўшимча имтиёзлар берилиши тизимда барқарорликни таъминлашга қаратилган аниқ қадамлар бўлди.
Шу маънода, хавфсизликни таъминлаш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасидаги вазифа эмас, балки вакиллик органлари фаолияти билан ҳам узвий боғлиқ жараён. Чунки маҳалладаги реал вазият, одамларнинг кайфияти ва муаммолари энг аввало депутатлар орқали кўрилади ва эшитилади.
Бу жараёнларда маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Хусусан, Халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши олдида қуйидаги вазифалар долзарб бўлиб турибди:
— маҳалла кесимида жамоат хавфсизлиги ҳолатини мунтазам таҳлил қилиш ва муаммоларни очиқ муҳокамага олиб чиқиш;
— профилактика инспекторлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар учун яратилган шарт-шароитлар ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш;
— ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик ва радикал ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган дастурларни амалий мазмун билан бойитиш;
— жамоат хавфсизлиги соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг аҳоли ҳаётига реал таъсирини ўрганиб бориш.
Депутат фақат қарор қабул қилувчи эмас, балки маҳалладаги муаммони биринчи бўлиб кўрадиган, фуқаронинг ташвишини эшитадиган ва уни ижро органларига етказиб, натижа талаб қиладиган шахсдир. Президентимиз белгилаб берган янги хавфсизлик архитектураси айнан ана шу масъулиятли ёндашувни талаб этмоқда. Зеро, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳар биримиз ўз жавобгарлигимизни чуқур англасак, Президент белгилаб берган мақсадларга шубҳасиз етамиз.
Собир ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши раиси,
педагогика фанлари доктори, профессор.