Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Хавфсиз хонадон ойлиги" доирасида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
16:52 / 2026-01-10

Шу кунларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан республикамиз бўйлаб "Хавфсиз хонадон ойлиги" доирасида профилактик тадбирлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мавсумда ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, ёнғинлар ва бошқа нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган ойлик доирасида хонадонлар, қурилиш ва ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар ва бошқа объектларда тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда. 

Унда йўналиш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилишига эришилмоқда. Шунингдек, аҳолига хавфсизлик қоидалари ўзида акс этган махсус эслатмалар тарқатилмоқда. 

Маълумки, об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. 

Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда инсонлар ис газидан заҳарланиши мумкин.

Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ойлик доирасида ФВВ мутахассислари томонидан аҳолига газ ускуналари ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига риоя қилишлари тушунтирилмоқда.

Жумладан, қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратсиз қолдирмаслик, ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик қоидалари тушунтирилди.

Иситиш печлари ва уларнинг мўрилари созлиги, турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслиги ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор бериш зарурлиги, иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламаслик, иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилиш ҳамда газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига риоя қилиб, уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўймаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Ўзи ва яқинларининг ҳаётига бефарқ бўлмаган инсон борки, бундай хавфсизлик қоидаларига доимий амал қилиб келади. Ушбу қоидаларга риоя этиш билан кўнгилсиз ҳодисалардан сақланган бўламиз.

Гулноза Бобоева, ЎзА