Жиззах вилоятида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва хонадонлардаги хавф-хатарларни камайтиришга қаратилган тизимли ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан шаҳар ва туман бўлимлари томонидан “Январь — Хавфсиз хонадон ойлиги” доирасида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ойлик доирасида Зафаробод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими хизматчилари томонидан тасдиқланган жадвал асосида аҳоли хонадонларига ташрифлар изчил равишда ташкил этилмоқда. Бу ташаббус фақат назорат билан чекланмасдан, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, хавфсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Профилактик тадбирлар жараёнида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хонадон эгаларига газ ва электр жиҳозларидан тўғри ҳамда хавфсиз фойдаланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилмоқда. Бу эса хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва уларнинг салбий оқибатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, ФВБ ходимлари томонидан хонадонларда мавжуд печлар, газ плиталари, электр симлари ҳамда бошқа техник воситаларнинг техник ҳолати атрофлича кўздан кечирилмоқда. Аниқланган камчиликлар юзасидан амалий тавсиялар берилиб, ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш тартиби, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш чоралари ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу профилактик тадбирлар аҳолининг ҳушёрлиги ва масъулиятини ошириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини барвақт олиш ҳамда тинч ва хавфсиз ҳаёт тарзини таъминлашда муҳим омилга айланмоқда. Зафаробод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан бундай амалий ишлар келгусида ҳам мунтазам равишда давом эттирилиши режалаштирилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири