Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфсиз ва тинчликсевар сиёсат – янгиланиш жараёнларининг муҳим тамойили
17:01 / 2026-01-22

“Тараққиёт стратегияси” марказида такомиллашаётган

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” йўналиши бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.  

Экспертлар, ОАВ вакиллари ва журналистлар қатнашган тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари қатнашди.  

Анжуманда эътироф этилганидек,  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётгани, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Матбуот анжуманида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, фаол ва прагматик ташқи сиёсат ва мудофаа салоҳиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасида кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки белгиланаётган вазифаларнинг янада мукаммал ва халқчил бўлишини таъминлашига эътибор қаратди.

 “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг айнан бешинчи устувор йўналиши,  яъни “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” йўналишида ҳам мақсадли кўрсаткичлар жорий этилмоқда. Унга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, минтақавий ва глобал хавфсизлик, барқарорлик масалалари бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилиши ва нималарга эришишимиз лозим эканлиги аниқ мақсадли индикаторлар мисолида белгиланмоқда.

Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси, матбуот котиби  Аҳрор Бурҳонов янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш, очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсатни амалга оширишга  қаратилган вазифалар ҳақида сўз юритди. Таъкидландики, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешинчи йўналиши 90 - мақсади – “Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш”ни назарда тутади.

Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир мақсади бўйича алоҳида индикаторлар, мақсадли кўрсаткичлар, рақам, фоиз ва бошқа кўрсатгичларда белгиланмоқда. Хусусан, такомиллашаётган Стратегиянинг 90-мақсади доирасида консуллик хизматларидан фойдаланувчилар сонини кескин  ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, 91-мақсад доирасида эса Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш белгиланмоқда.

Тадбирда сўз олган Мудофаа вазирлигининг Бош бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Халиловнинг фикрига кўра,  такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида мудофаа ва хавфсизликни таъминлашга оид мақсадларда, жумладан, 97-мақсад доирасида “Жаҳонда содир бўлаётган мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли Кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш” бўйича қатор самарадорлик кўрсатгичлари аниқ белгиланмоқда. Хусусан, 2030 йилга бориб Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия қўшинларининг рақамлаштириш даражаси 85 фоизга етказилиши, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия тизимларида кадр соҳаси 100 фоиз рақамлаштирилиши, вазирлик ва идора кесимида кадрлар ҳисобини юритиш бўйича платформа яратиш ва  “Электрон ҳукумат” тизими билан интеграция қилиш назарда тутилмоқда.

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Шукуровнинг таъкидлашича,  жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш йўналишида ҳам аниқ мақсадли кўрсаткичлар ва самарадорлик индикаторлари билан такомиллаштирилмоқда. Жумладан, келгуси беш йилликда ватандошлар иштирокида тиббиёт, таълим ва илм-фан соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини амалдаги 100 та эмас, балки 150 тага етказиш, ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини эса 150 000 тага етказиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, таълим хорижий тилларда олиб бориладиган давлат таълим муассасалари кутубхоналарида ўзбек адабиёти таржима асарлари қамровини 60 мингтага етказиш, хориждаги ватандошларнинг фарзандларига ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари сонини 62 тага ҳамда биродарлашган шаҳарлар сонини 120 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.  

Н.Усмонова, ЎзА