Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури: Тизимда жорий этилаётган “ҳудуд тажрибалари” қандай самара бермоқда?
11:58 / 2023-02-28

Йўлга чиқдикми, демак биз йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. У хоҳ пиёда, хоҳ автотранспортда бўлсин бунинг аҳамияти йўқ.

Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида рўй берган фожиалар тўғрисидаги хабарлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бахтсиз ҳодиса гувоҳларининг  ўзига келиши узоқ вақтни талаб қилади. Иштирокчилар эса нафақат йўл ҳаракати қоидаларига, балки ҳаётга бўлган муносабатини ҳам қайта кўриб чиқишига тўғри келади.

Ўтган 2022 йилда содир  бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг 1 минг 577 тасида ҳайдовчилар белгиланган тезликка риоя этмаган. 845 тасида светофор ёки йўл белгисига амал қилинмаган, 1 минг 17 ҳолатда пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмаган, 1 минг 154 ҳолатда пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқлар ўрнатилмаган. 

1 минг 46 ҳолатдаги йўл-транспорт ҳодисаларига ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги сабаб бўлган. 343 ҳолатда ҳайдовчи ухлаб қолган, 493 ҳолатдаги йўл-транспорт ҳодисалари  транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган  ҳайдовчилар томонидан содир этилган.

Афсуски, айрим фуқаролар пиёдалар йўлакчалари ёки тунел орқали ўтиш йўллари бўла туриб, белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтишга уринади. Айнан мана шу хато сабабли 4 минг 449 ҳолатда пиёдалар билан ҳамда 1 минг 136 ҳолатда велосипедлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган.

Йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 июлдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мазкур ҳужжатда бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Хўш, бу бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Азизхон Муродовнинг сўзларига кўра,  мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг 5 та долзарб йўналишлари тузиб чиқилган.

– Энг аввало автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш лозим, – дейди А.Муродов. – Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига инновацион педагогик технологияларни жорий қилган ҳолда, ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш талаб этилади.  Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш лозим бўлади.

Йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, ушбу амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш керак. Йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларни ҳам жой-жойига қўйиш вақти келди. Бугунги кунда мамлакатимизда 1 минг 733 та халқаро аҳамиятдаги йўллар, 3 мингдан ортиқ давлат аҳамиятидаги ва 2 минг 378 та маҳаллий умумфойдаланиш йўллари мавжуд. Соҳада қабул қилинаётган ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш инсонлар ҳаётини, соғлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Хусусан, Самарқанд шаҳрининг йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий йўл белгиларини ўрнатишга доир бажарилган ишлар асосида Самарқанд шаҳрида йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш бўйича “ҳудуд тажрибаси” яратилди. Бухоро вилоятида “Автоавария ўчоқларини”ни бартараф этиш бўйича йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг фаолияти намунали йўлга қўйилиб, ўзига хос тарзда “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида “ҳудуд тажрибаси” йўлга қўйилди.

“Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари эксплуатaция-монтаж бўлинмалари томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, 10 минг 902 дона янги йўл белгилари ўрнатилди. 12 минг 54 дона яроқсиз ҳолга келган йўл белгилари алмаштирилди, мактаблар олдида 3 минг 376 дона тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилди. 1 минг 390 дона йўл кўрсаткичлар ўрнатилди. 101 та янги светофор объектлари қурилди. 193 та светофор объектлари реконструкция қилинди, 58 та янги пиёдалар светофор объектлари қурилди, 204 та пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатилди, 31 та пиёдалар светофор объектлари реконструкция қилинди, 7 км2 йўл ётиқ чизиқлари чизилди.

Мактаб ўқувчиларига “Йўл ҳаракати қоидалари”ни ўргатиш учун республикамизнинг 993 та мактабларида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари” ва 903 та маҳаллада ҳамда 873 та мактабгача таълим ташкилотларида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари” ташкил этилди.

Бундан ташқари, кўзи ожизлар учун республика бўйича 15 та “Нурли маскан” мактаблари ҳудудида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдончалари” ташкил этилди, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва ҳасса билан юриш учун  мослаштирилган алоҳида йўлаклар фойдаланишга топширилди. Хавфсиз йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича кўзи ожизлар таълим оладиган, меҳнат қиладиган ҳамда яшаш ҳудудларида ҳаcса билан юриш учун  мослаштирилган алоҳида йўлаклар ҳам ташкил этилди.

Йўллар ҳолати ва инфратузилмасининг яхшиланиши, албатта, йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Амалга оширилаётган бу ўзгаришларнинг барчаси йўлларимизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлайди.  Шу боис ўз соғлиғимизни муҳофаза этиш учун ҳам йўл қоидаси талабларига қатъий риоя этишимиз керак.

 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА