Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфсиз ва равон йўл дастури болалар хавфсизлигини таъминлайди
21:00 / 2022-12-16

Сурхондарё вилоятида қиш фаслининг совуқ кунлари йўл транспорт ҳодисалари юз беришининг ўз вақтида олдини олиш, пиёдалар, хусусан, таълим муассасаларига шошаётган болаларнинг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.  

Вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун тарғибот ишларини кучайтириш ва болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, умумтаълим мактабларида 30 га яқин йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари фаолияти йўлга қўйилди. “Маҳаллаларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаларини ташкил этиш” мақсадида 26 та умумтаълим мактабида ўқув автомайдончаси барпо этилди.

Йўл-транспорт ҳодисалари энг кўп юз берадиган йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ташвиқот воситалари, яъни, реклама-ахборот плакатлари, щитларни ўрнатиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилиб, вилоят автомобиль йўллар бошқармаси ҳамкорлигида Термиз шаҳри ва туманлар ҳудудига 184 та тарғибот баннери ўрнатилди.

Воҳадаги айрим мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари серқатнов йўллар яқинида жойлашган. Транспорт ҳаракати йилдан-йилга ошиб бораётган ҳозирги пайтда мазкур таълим муассасаларида узлуксиз “Диққат, пиёда!”, “Диққат, йўловчи!”,  “Диққат, болалар!” каби профилактик тадбирлар, шунингдек, таълим муассасаларига вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари бириктирилиб, йўл ҳаракати қоидалари бўйича дарс машғулотларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Бундан ташқари “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунали йўловчи” мавзуларида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўғил-қизларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимларини ошириб, кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада олиб борилаётган барча ишлар йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишининг, пиёдалар, шу жумладан, болажонларнинг йўлларда кўнгилсиз ҳодисалар иштирокчиси ёки қурбонига айланиб қолишининг олдини олишга йўналтирилгани эътиборга сазовар бўлмоқда. Масалан, ўтган йилнинг шу даврида вилоятда 355 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 301 тани ташкил этгани ҳам бунга яққол далилдир.  

Буларнинг барчаси вилоятда йўловчиларнинг йўл қоидаларига қатъий амал қилиши, ўқувчилар ва талаба ёшларнинг йўл қоидалари бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирлар ҳамда тарғибот-тушунтириш ишларининг амалдаги самарасидир.  

Элнур Абраев,  

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ йўл ҳаракати 

хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, лейтенант