Президентимиз 2026 йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилди. Янги йилнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбари маҳаллалар билан боғлиқ қарорга имзо чекди.
Яъни, “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан янги тартиб ва ҳуқуқий механизмлар белгилаб берилмоқда.
Қарордан кўзланган мақсад жиноятчиликни кескин камайтириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича янгича ишлаш механизмларини белгилаш, мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш орқали аҳоли розилигига эришиш.
Эндиликда ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи омиллар билан ишлаш учун бевосита масъул раҳбарлар бириктирилмоқда ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти янада оширилади. Профилактикага масъул идора ва муассасалар томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги устидан электрон назорат тизими кенг жорий қилинади.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўтган 2025 йилда кўрилган манзилли чоралар натижасида маҳалла жиноятчилиги 1.5 баробарга камайди. Қизил тоифага кирган маҳаллаларнинг қарийб 50 фоизида жиноят содир этилмади.
Янги тартибга мувофиқ, бириктирилган масъул раҳбарлар зиммасига ўз ҳудудларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини ташкил этиш намунасини яратиш, ҳудудий “йўл хариталари” билан белгиланган чора-тадбирларнинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш ҳамда ижтимоий профилактика тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича қатъий шахсий жавобгарлик юкланади.
Республика маҳаллаларида маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлигида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш йўналишида масъул давлат идораларининг камида 15 нафар ўрнак кўрсатган раҳбар ва ходимлари маҳаллий бюджет даромадларининг прогнозидан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фонди (пул таъминоти)нинг бир баравари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантириб борилади.
Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида тузилган Республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттиради.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар натижадорлигини ҳар ой якунида – вилоят прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ҳузурида, ҳар чорак якунида — ички ишлар вазири ва Бош прокурор ҳузурида муҳокама қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, маҳаллаларда “ижтимоий профилактика” тадбирлари натижадорлигини, маҳаллий ҳокимликлар ва масъулларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган янги тартиблар ўрнатилади.
2026 йил якунига қадар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги оғзаки мурожаатларини соҳа ва ҳудудидан қатъи назар, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат планшетлари орқали реал вақт режимида ягона тартибда қабул қилиш ҳамда тегишлилиги бўйича тезкорлик билан муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 ноябрга қадар фуқаролар томонидан маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиш, фото, аудио, видео ва ташвиш хабарларини юбориш, шунингдек, уларнинг фаолиятига баҳо бериш имкониятини берувчи “Менинг инспекторим” мобил иловасини ишлаб чиқиш ва оммалаштириш чоралари кўрилади.
2026 йил 1 майга қадар оила ва турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида низоли оилалар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш имконини берадиган “E-ijtimoiy profilaktika” ахборот тизимининг “E-nizoli oila” модулини жорий этиш ва модулни судлар ўртасида тўғридан-тўғри интеграция қилиш чоралари кўрилади.
Ушбу қарор республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича яхлит ишлаш тизимини жорий этишга хизмат қилади. Зеро, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамият тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, мамлакат юксалади.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/qebME6GozGo" title="Xavfsiz va obod mahalla – jamiyat tayanchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА