Бухоро вилоят ички ишлар бошқармасида вилоят ҳудудида хавфсиз туризмни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда иштирокчиларга Бухорога ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш учун яратилган замонавий инфратузилма, хизмат кўрсатиш тизими, тезкор ахборот алмашинув механизмлари ҳамда вилоят автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, соҳада қўлланилаётган сўнгги рақамли технологиялар, интеллектуал кузатув тизимлари ва автоматлаштирилган назорат воситалари билан танишиш имконияти яратилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Бухоро вилоят ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ердаги хизмат жараёнлари, ходимлар учун яратилган замонавий хизмат шароитлари, техник жиҳозланиш даражаси ҳамда сайёҳлар билан ишлашда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар намойиш этилди.
[gallery-27923]
Тадбир давомида иштирокчиларга Бухорога ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг осойишталигини таъминлаш, уларга тезкор, сифатли ва самарали ёрдам кўрсатиш механизмлари, фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракатланиш тизими, шунингдек, бошқарманинг замонавий техник имкониятлари таништирилди.
Очиқ мулоқот ва савол-жавоб шаклида ўтган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга масъул ходимлардан атрофлича жавоблар олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари