Тинчлик – улуғ неъмат. Тинчлик бор жойда кўнгил хотиржамлиги, осойишта ҳаёт ҳукмрон бўлади. Фарзандлар камоли, орзу-умидлар рўёби ҳам ана шу буюк неъмат туфайлидир.
Инсоннинг кўнгли хотиржам, кечаси уйқуси тинч ва осуда кечаркан, у эртанги кунга ишонч ва мақсад билан уйғонади. Бу эса янги кун, янги яратувчанликка асос бўлади. Ишдаги унум-барака, турмушдаги фаровонлик ҳам шундан. Кўнгил хотиржамлиги бора-бора юрт, мамлакат осойишталигига айланади. Ҳаёт йўлларида учрайдиган пасту баландликларни ана шу хотиржамлик, вазминлик билан енгиш мумкин. Қолаверса, тартиб бор жойда тараққиёт ҳам бўлади.

Бу эса “Хавфсиз шаҳар” тизимининг нечоғлик аҳамиятли эканини яна бир бор кўрсатади. Бугун мамлакатимизда жорий этилаётган “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг асосий вазифаси ҳам аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ хавфсизликни таъминлаш, осойишталик ва тараққиётни барқарорлаштиришдир.
Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил ҳудудларда “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини яратиш ва ривожлантириш юзасидан йиллик манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Дастур ижроси доирасида ҳудудларда тизимни жорий қилиш учун босқичма-босқич қурилмалар харид қилиняпти ҳамда белгиланган манзилларда ўрнатилиб, ишга туширилмоқда.
Маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда уларга кириш-чиқиш жойларида интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилиб, ички ишлар органларининг таянч пунктлари ахборот тизимига интеграция қилинмоқда. Жамоат жойларида, яъни майдонлар, маданият ва истироҳат боғлари, бозорлар, савдо марказлари, музей, кўнгилочар масканлар, дам олиш мажмуалари, меҳмонхоналар, диний муассасаларда шахсни юздан таниб олиш камералари, “ташвиш тугмалари” ўрнатиш ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича ишлар бажарилмоқда.
Шунингдек, шаҳар ва туманларда ёнғин хавфсизлиги, экологик, сейсмологик, гидрометеорологик вазиятни мониторинг қилиш тизимларини “Хавфсиз шаҳар” тизимига интеграциялаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини рақамли бошқаришда йўл ҳаракати мониторингини ташкил қилиш, транспорт воситасининг давлат рақами белгиларини аниқлашда интеллектуал фото ва видео қайд этиш интеграциялашган тизимларини жорий этиш кўзланган.

Мамлакатимиз сайёҳларнинг эътиборига сазовор бўлиб келмоқда. Кириш-чиқиш тартиб-таомиллари соддалаштирилгани туфайли юртимизга келаётганлар сони йилдан-йилга ортаётир. Саёҳатга отланган киши, аввало, ўзи бораётган мамлакат ҳақида интернетдан маълумот излайди. Ҳаёти ва саломатлиги хавфсиз бўлишига ишонч ҳосил қилгачгина кўзланган манзил сари йўл олади.
Юртимизда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Туризм полицияси ташкил этилгани, “Хавфсиз туризм” тамойили йўлга қўйилгани тинчликсевар ва меҳмондўст халқимиз хоҳиш-иродасини ёрқин ифода этаётир.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил октябрда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг Самарқандда бўлиб ўтган 25-сессиясида “Глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлашдир”, деган эди. Халқаро туризм амалиётига кўра, саёҳатчилар кўпайиши ва саёҳат географияси кенгайиши билан хавфсизлик чораларига риоя қилиш зарурати кескин ортади.
Хўш, мамлакатимизда саёҳат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қандай ишлар бажарилмоқда?
Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари сайёҳлик объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, туристларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қатор ишларни бажармоқда.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чорвоқ” эркин туристик зонасида “Хавфсиз туризм” лойиҳаси доирасида 134 та объектнинг видеокузатув камералари “Вазиятлар маркази”га интеграция қилинди. Шу билан бирга, тирбандликларнинг олдини олиш учун ноқонуний тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини аниқловчи, тезликни ўлчовчи радар, автотранспорт оқимини ҳисобловчи ва давлат рақамини аниқловчи, фото-видео қайд этиш ҳамда ёнғиндан хабар берувчи интеллектуал видеокузатув қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.
Бу сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олиш, воқеа-ҳодисаларни узлуксиз кузатиб бориш, муаммонинг бевосита бошланғич нуқтасидан хабардор бўлиш ва бартараф этишга хизмат қилади. Туризм соҳасида хизматлар кўрсатувчи ва етиб келган сайёҳлар ҳисобини юритувчи давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг ягона ахборот базасини шакллантиришда бу қўл келмоқда. 24 соатлик кузатув режимини барча ҳудудда йўлга қўйиш, биринчи навбатда, жойлардаги осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

Туризм жаҳон иқтисодиётида жадал ривожланаётган ва энг даромадли тармоқлардан бири. Мамлакатда туризм ривожи аҳоли бандлигини таъминлаш, транспорт ва алоқа, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва кўпгина бошқа соҳалар, умуман, иқтисодиётнинг юксалишига асос бўла олади. Бу аҳолининг умумий иқтисодий фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиши баробарида халқаро ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг яхшиланишига хизмат қилади. “Хавфсиз шаҳар”да “Хавфсиз туризм” йўлга қўйилгани сайёҳлар оқимининг янада кўпайишида бош омил бўлади.
Ҳозир “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази томонидан видеокузатув қурилмаларини жойларга етказиш ва монтаж ишлари қилинмоқда.

Маҳалла ёш авлод учун азалдан эзгулик бешиги, тарбия ўчоғи бўлиб келган. Инсонларнинг ўзаро меҳр-оқибатли, мурувватли, саховатли бўлиши ва ўзига хос жамоани шакллантиришда бу ноёб институтнинг ўрни беқиёс. Шунга оид кўплаб мақоллар бор. Маҳалладаги ҳурматга сазовор кексалар ҳамиша ёшлар учун ибрат, йигит-қизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати уларнинг кўз ўнгида бўлган. Ана шу азалий анъана бугун “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ амалга ошириб келинаётир. Ҳаётий тажрибага эга, фаол нуронийларнинг ёшлар тарбиясига масъул бўлиши замирида ҳам осойишталик, ободлик, фаровонлик орзуси мужассам бўлса, ажаб эмас.
Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади, дейди халқимиз. Тасаввур қилинг, бир кунги жанжал ёки қалтис ҳаракат хонадонга, маҳаллага, мамлакатга қанчалик зиён етказади. Кўнгилсиз бир ҳолат туфайли инсон ҳаёти пароканда бўлиши, оила аъзоларини йўқотиши, маҳалла нотинчлиги ва бунинг оқибатини бартараф этиш учун сарфланадиган маблағ — давлат бюджетига етказиладиган зарар миқдорини кўзингиз олдига келтирсангиз, тинчлик-осойишталик қанчалар бебаҳо неъмат эканини англайсиз.
Маҳаллалардаги нотинч хонадонлар, турли нохуш вазиятларни камайтириш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун бугун Наманган, Сирдарё, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ИИБ ва Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ИИББ билан ҳамкорликда маҳалла ҳудудларида жами 1157 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларига транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи ва йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото-видео қайд этувчи автоматлаштирилган тизим учун тўхташ ва тўхтаб туриш, белгиланган тезликдан оширилганлик қоидабузарликларини аниқловчи камералар ўрнатилди.
Шу билан бирга, “Рақамли хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида Самарқанд, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари маҳаллий ҳокимликлари билан биргаликда жами 790 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларига транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи 71 та камера ўрнатилмоқда.
Ўтган йили 28 июлда Фарғона шаҳрида Президентимиз раислигида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани афсус билан қайд этилди.
Шу боис, ёшлар билан манзилли ишлаш дастурлари амалга оширилиши белгиланган. Оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги ҳолатларига ҳам эътибор қаратилиб, оғир ҳаётий аҳволга тушган оилаларга ёрдам бериш бўйича “ижтимоий хизмат иши” очилиши, “Хавфсиз оила” тамойили асосида алоҳида тизим йўлга қўйилиши кўзда тутилган эди.
Қуш уясида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Оиладаги маънавий муҳит фарзанд тарбиясида яққол кўзга ташланади. Муносабатларда муаммоси бўлган, масъулиятсиз ота-она келгуси нохуш вазиятларга замин тайёрлайди. Оиладаги бўшлиқ боланинг турли йўлларга кириши, ҳар ердан ва ҳар кимдан таянч излашига сабаб бўлади.
Шиддат билан ривожланаётган дунёда кечаётган зиддиятли жараёнлар таъсири бугун мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бунга биз уйғоқ қалбли, илму маърифатли, маънавиятли, яратувчан ёшларимиз билан қарши тура оламиз. Бундай йигит-қизлар тинч-тотув, меҳр-оқибатли оилаларда камолга етади. Фуқароларнинг ички оламини тартибга келтириш, айниқса, йигит-қизлар қалбида шукрона, ҳаётдан миннатдорлик туйғуларини шакллантириш, қийинчиликларни оқиллик ва сабр билан енгиш, тириклик, тинчлик-осойишталик қадри улуғ эканини англашга кўмак бериш ишлари муштарак олиб борилиши зарур. Шунда “Хавфсиз шаҳар” тамойилининг самараси янада яққол кўринади.
Мақсад жамоат хавфсизлигини таъминлаш чорасини янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш тизимини тўлақонли ташкил этиш, фавқулодда хатарлар ва оқибатларни олдиндан прогнозлаш орқали олдини олиш. Жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий рақамли технологиялар, интеллектуал тизимлардан кенг фойдаланган ҳолда инсон омилини камайтиришга эришилади. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, уни баҳолаш ва тўғри қарор қабул қилишга олиб келади.
“Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази ходимлари катта ғайрат билан аҳоли хавфсизлиги, юрт осойишталигини таъминлаш, табиий офатларда аҳолини олдиндан огоҳлантириш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик ва инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича ишларни ва улкан вазифаларни масъулият билан амалга оширишга бел боғлаган.
Улуғбек Куланов,
“Хавфсиз шаҳар” тизимларини
ривожлантириш маркази директори
ЎзА