Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хавфсиз шаҳар” концепцияси: рақамли хавфсизлик тизимининг янги босқичи
10:09 / 2026-03-06

Мамлакатимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, фуқароларнинг мол-мулки дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу йўналишда илғор хорижий тажриба ва замонавий технологиялар асосида янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Айниқса, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий, рақамли ва интеграциялашган тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари ва қўриқлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда хавфсизлик инфратузилмасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти фаолияти такомиллаштирилиб, уни ички ишлар органлари тизимига интеграция қилиш орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш механизмлари янада кучайтирилди. Шунингдек, “Хавфсиз шаҳар” доирасида жорий этилган интеллектуал видеокузатув, юзни таниб олиш ҳамда давлат рақам белгисини аниқловчи камералар орқали хавфсизликни реал вақт режимида таъминлаш имкониятлари яратилмоқда. 

Бугунги кунда республика миқёсида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси босқичма-босқич жорий этилмоқда. Мазкур тизимнинг асосий таркибий қисмларини ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, ўн минглаб интеллектуал видеокамералар ҳамда ёнғин хавфсизлиги мониторинг тизимлари ташкил этади. Ушбу тизимлар жамоат жойлари, маҳаллалар, таълим муассасалари, савдо объектлари ҳамда шаҳар ва туманларнинг кириш-чиқиш нуқталарида ўрнатилиб, реал вақт режимида мониторинг олиб бориш имконини бермоқда.

Шунингдек, барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида ҳудудларни онлайн кузатиш, тезкор қидирув ишларини олиб бориш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишга хизмат қилувчи “Хавфсиз шаҳар” платформаси тўлиқ ишга туширилди. Ушбу тизим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ягона платформа орқали мувофиқлаштириш ҳамда тезкор бошқарув имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари жиноятчиликка қарши курашиш жараёнида маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш, ҳудудларда криминоген вазиятни мунтазам таҳлил қилиш ҳамда аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Шу билан бирга, замонавий видеокузатув тизимларини жорий этиш, уларни самарали бошқарадиган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда киберхавфсизлик соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланган.

Бугунги кунда “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат пойтахт, балки республиканинг барча ҳудудларини қамраб олди. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий интеллектуал видеокузатув тизими жорий этилди. Мазкур лойиҳа доирасида ҳудуд тўлиқ ўрганилиб, лойиҳа чизмалари ишлаб чиқилди ва мажмуа ҳудудига юзлаб замонавий видеокамералар ўрнатилди. Ўрнатилган қурилмалар Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор бошқарув маркази ҳамда “Хавфсиз шаҳар” платформасига интеграция қилинди. Бу эса мажмуага ташриф буюрувчилар учун хавфсиз ва осойишта муҳит яратишга хизмат қилмоқда.

Тошкент шаҳрида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Пойтахт тажрибаси” асосида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда профилактика ишларини такомиллаштириш бўйича янги ёндашувлар жорий этилди. Жумладан, Чилонзор туманида криминоген вазиятни реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини берувчи замонавий Вазиятлар маркази ташкил этилди. Ушбу марказ орқали ҳудуддаги мурожаатлар, жамоат хавфсизлиги ҳолати ҳамда муаммоли нуқталар тезкор таҳлил қилинмоқда.

Чилонзор туманида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида интеллектуал видеокузатув тизимларини ўрнатиш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. ИИВ “Хавфсиз шаҳар” маркази мутахассислари ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан маҳаллалар ва савдо объектларида камераларни ўрнатиш учун техник ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳам интеллектуал видеокузатув тизимларини жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда. Туман ҳокимлиги ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар, мактаблар олди ҳамда савдо объектлари атрофида ўрнатилаётган камералар техник талабларга мувофиқлиги юзасидан мониторинг ўтказилди. Ўрганиш натижаларига кўра, ўрнатилаётган қурилмалар барча белгиланган стандартларга тўлиқ мос экани аниқланди.

Ҳудудий тажрибаларни кенгайтириш мақсадида “Чилонзор тажрибаси” бошқа вилоятларда ҳам жорий этилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги тезкор штаб ташкил этилмоқда. Мазкур штаб Ситуацион-таҳлил маркази билан интеграция қилиниб, келиб тушаётган ахборотларни тезкор таҳлил қилиш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш имконини беради.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам “Хавфсиз шаҳар” тизими доирасида хавфсизлик инфратузилмаси кенгайтирилмоқда. Ҳудуддаги маҳаллаларда юзлаб интеллектуал видеокузатув камералар ўрнатилиб, ягона платформага интеграция қилинди. Шунингдек, криминоген вазияти мураккаб ҳудудларда қўшимча камералар ўрнатилиб, назорат тизими янада кучайтирилди.

Таъкидлаш лозим, рақамли инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ҳудудларда сервер қурилмаларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш сервер қурилмалари учун захира электр таъминоти – дизел генераторлари ўрнатилди. Бу эса тизимларнинг узлуксиз ишлаши ҳамда маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш жараёнлари ҳам рақамлаштирилмоқда. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун чиқарилган қарорлар электрон шаклда фуқароларга етказилмоқда. Мазкур тизим инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган.

Умуман олганда, мамлакатимизда “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги босқичини бошлаб берди. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, интеграциялашган ахборот тизимлари ҳамда замонавий бошқарув механизмларининг жорий этилиши натижасида ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда.

Келгусида мазкур тизимларни янада такомиллаштириш, янги технологияларни жорий этиш ҳамда рақамли инфратузилмани кенгайтириш орқали мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими халқаро стандартлар даражасига олиб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Н.Насриев,

ЎзА