Президент ташрифидан сўнг...
Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди.
Ташриф доирасида қўриқлаш техника воситаларининг кўргазмали тақдимоти ҳам ўтазилди. “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилдаги тегишли қарори билан белгиланган аниқ механизмлар амалиётга жорий этилиши натижасида республика миқёсида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси босқичма-босқич татбиқ этилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг бориши, амалга оширилган ишлар юзасидан Президентга тақдимот қилган Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази бошлиғи майор Улуғбек КУЛАНОВ билан суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбарига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органларининг “Хавфсиз шаҳар” ягона платформаси техник имкониятларидан уйғун фойдаланиши натижасида бир неча юз миллиард сўм бюджет маблағлари тежалаётгани ҳақида маълумот бердим, – деди Улуғбек Куланов. – Бугунги кунда концепция доирасида ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 минг 750 та интеллектуал камера ҳамда 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими фаолият юритмоқда. Ушбу тизимлар концепциянинг асосий таркибий қисмини ташкил этади.
Жорий йилда ҳам вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда интеллектуал транспорт тизимлари, автотураргоҳларни бошқариш, экологик ва сейсмологик мониторинг, шунингдек, фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва интеграциялаш ишлари давом эттирилади.
Энг муҳими шундаки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, лойиҳа фақат аҳоли учун хизмат қилишга ихтисослашган. Ушбу маркетинг хизматларини кўрсатиш майдончасида юридик ва жисмоний шахсларнинг талаб ва эхтиёжларидан келиб чиқиб, видеокузатув тизими ва хар хил турдаги камераларнинг реал холатда ишлашини намойиш қилиб, уларнинг техник имкониятларини тушунтириб, таклиф ва тавсиялар берамиз.
Мониторда уч турдаги камера намойиш этилади. Булар айланма камера, юз қиёфасидан шахсни аниқловчи камера ва давлат рақамини аниқловчи камералар. Бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида худудларни “онлайн” кузатиш, тезкор қидирув, куч-воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишга хизмат қилувчи “Қалқон” ахборот тизими тўлиқ ишга туширилди.
Яна бир муҳим маълумотни қайд этишни истардим, тизимнинг рақамли инфратузилмаси 3752 километр ҳимояланган оптик алоқа тармоқлари, 45 та маълумотлар базаси, 13 та тезкор бошқарув маркази ва 98 та ҳудудий мутахассис билан таъминланган. 2023 йилда махсус техникаларимиз сони 2 та эди, ҳозирда 35 тага, штат бирликлари эса 66 тадан 251 тага етказилди.
2025 йил октябрь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида МДҲ давлатлари ички ишлар идораларининг конференциясида иштирок этдим. Делегациялар билан суҳбатда Ўзбекистонда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш бўйича давлатимиз раҳбари белгилаб берган механизмлар ҳақида айтдим.
Сухбат жараёнида улар “Хавфсиз шаҳар” тизимлари концепцияси ва архитектурасига жуда катта қизиқиш билдиришди ва тажрибамиз билан бўлишишни илтимос қилишди. Мана яқинда декабрь ойида Қирғизистон ички ишлар вазирлигидан ҳамкасбларимиз Тошкентга келиб, платформамиз ва рақамлаштириш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Президентнинг 2025 йил 3 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, республикадаги барча “қизил” тоифадаги маҳаллаларни ягона технологик ёндашув асосида камералаштириб, “Хавфсиз шаҳар” платформасига интеграция қилдик.
Ички ишлар вазирлиги академиясида Рақамлаштириш департаментининг энг замонавий талаблар асосидаги янги биноси қурилиши ҳам бошланди. Йил якунигача тармоқ қамровини янада кенгайтириб, сунъий интеллект асосида камида 4 та тизимни платформага улаб, рақамлаштириш даражасини жаҳон андозаларига олиб чиқишни режа қилганмиз.
Бир сўз билан айтганда, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлашга хизмат қилувчи ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбири