Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”да жорий этилган “Хавфсиз оила” лойиҳаси ҳамда янгидан барпо қилинган ИИББ ЖТСБ Кинология хизмати фаолиятини таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Қайд этилишича, ҳозирда пойтахтимизда 1215 та носоғлом муҳитда яшовчи оилалар мавжуд бўлиб, уларнинг 366 таси спиртли ичимликлар истеъмол қилувчи, 52 нафари эса гиёҳвандликка мойил экани аниқланган. 420 га яқин оила ажрим ёқасига келиб қолган.

“Хавфсиз оила” лойиҳаси доирасида шу каби муаммоли оилаларнинг фарзандлари, уларнинг ота-оналари билан алоҳида ишлаш тадбирлари бошлаб юборилган. Жумладан, 20 нафарга яқин ана шундай оила болалари марказга жалб қилинган.

Журналист ва блогерлар марказда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Тарбияланувчилар билан танишиб, суҳбат қурди.

Журналистларга вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликдан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Профилактик ҳисобда турувчи ёшларнинг "ҳикоялари" тингланиб, махсус тайёргарликдан ўтган итлар билан амалий машғулот жараёни кузатилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА