French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси” ёхуд янгича ёндашув қандай натижа бермоқда?
16:15 / 2026-02-23

Президент ташаббуслари – амалда

Осойишталик ва хавфсизлик кўзга кўринмас неъмат. У жамият тараққиётининг энг асосий пойдевори саналади. Уни мустаҳкам сақлаш катта меҳнат, аниқ ҳисоб-китоб ва тизимли назоратни талаб этади. Мамлакатда бу борада ечим кутаётган жиҳатлар борлиги очиқ тан олинмоқда. Уларни бартараф этиш учун амалий чора-тадбирлар белгиланган.

Шу йўналишда 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш бўйича янги механизмларни белгилаб бергани билан муҳим аҳамият касб этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, қаерда иқтисод ривожланса, даромад ошса, ўша ерда жиноятчиликнинг янги турлари ҳам тезроқ пайдо бўлади. Шу сабаб пойтахтда ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти замон талабига мос бўлиши шартлиги айтиб ўтилди.

Маҳалла ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда энг муҳим бўғин сифатида эътироф этилди. Чилонзор туманида оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик кўрсаткичлари юқорилиги, Юнусободда босқинчилик ҳолатлари кўплиги, Яшнобод ва Мирободда эса қотиллик холатлари нисбатан юқори экани маълум қилинди. 

Уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда мутлақо янги тизим жорий этилиши айтилди. Бу жараён эса, аввало, Тошкент шаҳрида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилиши қайд этилди.

Мирзо Улуғбек тумани мисолида бу ишлар амалий кўриниш олаётганини баъзи мисолларда қайд этамиз. Туманда 340 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Етмишта маҳаллада 1 минг 604 та кўп қаватли уй, уларда 86 минг 850 та хонадон мавжуд. Бу маҳаллаларга тунги ёритгичлар ўрнатилиб, кўчаларга ташвиш тугмалари қўйилмоқда. 

– Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишдан сўнг иш фаолиятимизда тўлиқ янги босқич бошланди, – дейди туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилшодбек Исмоилбеков. – Маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятчиликнинг олдини барвақт олиш юзасидан Ички ишлар академияси профессор-ўқитувчилари билан биргаликда ўтган йили содир этилган жиноятларнинг сабаблари чуққур таҳлил қилинди. Таҳлилларга кўра, тумандаги тўққизта “қизил тоифа”даги маҳаллага тажрибали раҳбар ходимлар бириктирилди. Шунингдек, ҳудудга 481 та ақлли камера ўрнатилди. Улар ёрдамида эса 19 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди. Камералар, ёритиш ва қўриқлаш тизимларининг такомиллашуви маҳаллаларда жиноятчиликнинг кескин камайишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, туман қўриқлаш хизмати томонидан бешта оғир тоифадаги маҳалла учун алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. 62 та кўп қаватли уйнинг кириш жойлари, 191 та савдо ва маиший объект, 853 та хонадон қўриқлашга олинди. Бу ишлар оилавий зўравонлик, талончилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда амалий самара бермоқда.

Жиноятчиликни камайтиришда аҳолини иш билан таъминлаш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда пробация ҳисобида турган шахслар билан манзилли иш олиб борилмоқда. Улар “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда турли касбларга ўқитилиб, сертификат олмоқда. Бу эса уларнинг иш билан таъминланишига, жамиятга қайта мослашувига ёрдам бермоқда.

Пойтахтда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган янги ёндашувлар бутун мамлакат учун намуна бўлади. Замонавий технологиялар, маҳаллабай ишлаш, аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда тизимли таъсир кўрсатмоқда. 

Одамлар кечки пайт бехавотир юриши, мол-мулки хавсизлигига ишонч билан қараши жуда муҳим. Осойишталик ва хавфсизлик ҳиссининг бўлиши жамиятда тараққиёт, ишонч ва барқарорлик муҳитини  мустаҳкамлайди. Бу эса юксалишнинг энг муҳим шарти саналади.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири