Сўнгги йилларда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулайликлар яратиш, фаолияти эркинлигини кафолатлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда ННТларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан грантлар, субсидиялар, шунингдек, халқаро ҳамкорлар ва донор ташкилотларнинг маблағлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган Навоий вилояти “Саодат сари” ижтимоий кўмак марказининг “Хавфсиз маҳаллам” лойиҳаси айнан вилоят марказидан узоқда жойлашган маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга, аҳолига қулайликлар яратиб беришга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида Навбаҳор тумани Гулистон ва Қизилтепа маҳаллаларида кўча ёритиш чироқлари ҳамда кузатув камералари ўрнатиш белгиланган эди.
Ушбу мақсадлар йўлида Гулистон маҳалласининг Олмазор, Тошкент, Зиёкор, Саховат, Нурли йўл кўчаларига жами 100 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари ва 6 дона кузатув камералари, Қизилтепа маҳалласида эса Ижанд, Янгиобод, Булоқ, Сармиш кўчаларига 54 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари ва 8 дона кузатув камералари ўрнатилди.

– Амалга оширилган лойиҳа доирасида 3 минг нафардан ортиқ аҳолининг тунги пайтда кўчада бемалол ҳаракатланиши учун ёруғ, хавфсиз макон яратилди, – дейди “Саодат сари” ижтимоий кўмак маркази раҳбари Шалола Шокирова. – Шунингдек, ўрнатилган қуёш панелли кўча чироқлари орқали электр сарфи тежалиб, иқтисодий самарадорликка эришилмоқда. Гулистон маҳалласида жорий йил бошида 2 та жиноят содир этилган бўлса, лойиҳа доирасида кўчалар ёритилиб, кузатув камералари ўрнатилгач, ҳозирча маҳаллада жиноятчилик ҳолатлари қайд этилмади. Маҳаллалардаги тунги навбатчилик ишларида қатнаб ишлайдиган 458 нафар аҳоли, шундан, 164 нафар хотин-қизлар туман, вилоят марказига боришдаги ноқулайликлар, қоронғида катта йўлга чиқишдаги қийинчиликларнинг ечими топилди. Маҳаллалардаги 835 нафар мактаб ўқувчилари, 278 нафар мактабгача таълим муассаса тарбияланувчилари ва уларни кузатувчилари ёруғ кўчалардан юриб, хавфсиз кузатув камералар назоратида уйига қайтиши учун шароит яратиб берилди.
“Саодат сари” ижтимоий кўмак маркази ва маҳаллалар фаоллари иштирокида учрашув ташкил этилиб, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик шартлари келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА