Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфсиз маҳалла ва қуёшли хонадонлар сони ортиб бормоқда
16:44 / 2025-10-09

Мамлакатимизда аҳоли турмушини янада фаровонлаштириш, уларга қулай яшаш шароити яратиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу орқали нафақат электр энергияси учун сарфланадиган маблағлар тежаляпти, балки экологик жиҳатдан соғлом муҳит яратишга ҳам ҳисса қўшилмоқда.

Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Истиқлол маҳалласи бу йўналишдаги илғор тажрибага эга ҳудудлардан бири бўлиб, бугунги кунда маҳалладаги 3,5 минг нафарга яқин аҳолидан ташкил топган 1050 та хонадоннинг қарийб ярми қуёш панеллари орқали электр энергияси билан таъминланмоқда.

Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, кейинги икки йил ичида аҳоли ўз уйларига қуёш панелларини ўрнатишда фаоллик кўрсатмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунга келиб Истиқлол маҳалласи электр энергияси бўйича деярли ярим мустақил ҳудудга айланган.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Ўлмас Айтуғдиев шулар жумласидандир. Илгари у хонадони ва савдо дўкони учун ойига 500 минг сўмдан зиёд маблағ тўларди. Маҳалла фаолларининг тавсияси билан 15 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатгач, нафақат харажатлардан қутулди, балки ортиқча энергияни сотиш орқали қўшимча даромад ҳам топмоқда.

– Қуёш панелларини ўрнатганимизга бир ой бўлди, – дейди Ў.Айтуғдиев. – Савдо дўконимизда маиший техникалар кўп ишлатилади. Энди эса нафақат энергия тежаяпмиз, балки ой охирида бир миллион сўмдан зиёд маблағ картамга ўтказиляпти. Ишхонам орқали ажратилган ссуда фоизсиз бўлгани учун қийналмаяпмиз. Энди афсусдаман – нега бундан аввал ўрнатмаганман, дея.

[gallery-25677]

Маҳалла кўчалари бўйлаб юрар эканмиз, ҳар икки хонадондан биттасида қуёш панелларини кўриш мумкин. Бу шубҳасиз, маҳалла раиси Гулчеҳра Жўраева раҳбарлигидаги жамоанинг фидойилиги самарасидир. 2023 йилда у давлат раҳбари билан бўлган мулоқотда икки йил ичида маҳалланинг камида ярми қуёш панеллари билан таъминланишига ваъда берган эди.

– Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Қуёшли хонадон” дастури одамлар учун жуда катта аҳамиятга эга, – дейди Г.Жўраева. – Бугун маҳалламизда 50 фоиздан ортиқ хонадон қуёш панелларига эга. Аҳоли мамнун, чунки электр тўловлари анча камайди. Баъзи оилалар ортиқча ишлаб чиқарилган энергияни тармоққа узатиш орқали даромад ҳам олмоқда. Бу фақат бошланиши, мақсадимиз Истиқлолни тўлиқ “қуёшли маҳалла”га айлантириш.

Айни пайтда камбағаллик реестрига кирган фуқароларга қуёш панеллари субсидия асосида бепул ўрнатиб берилмоқда. Шу тартибда ҳозиргача 5 та хонадон янги қуёш панеллари билан таъминланди.

Муборак туманидаги яна бир Сариқ маҳалласи эса “Хавфсиз маҳалла” ташаббусида етакчилардан бирига айланди. Илгари жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган ушбу ҳудуд сўнгги йилларда кескин ўзгаришга эришди.

Жиноятчилик ҳолатлари таҳлил қилингандан сўнг, маҳаллада умумий узунлиги 2,3 километр бўлган 3 та “хавфсиз кўча” ташкил этилди. Уларда 110 та қуёш панелли ёритиш чироқлари, 6 та кузатув ва 2 та юз танувчи ПТЗ камералари ўрнатилди. Шунингдек, 21 та йўл белгиси, 2 та пиёдалар ўтиши ва йўл чизиқлари янгиланди.

Лойиҳа учун жами 250 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси атрофида ҳам ободонлаштириш, асфальт ётқизиш ва тозалаш ишлари амалга оширилди.

– Маҳалламизга қарашли 4 та қишлоқ бор, – дейди “Сариқ” МФЙ раиси Азамат Насруллаев. – Ҳоким ва прокурор ташаббуси билан асосий кўчаларга кузатув камералари ва ёритиш чироқлари ўрнатилди. Улар 24 соат ишлайди, биз эса турли ҳолатларни монитор орқали кузатиб боряпмиз. Ўрнатилганига бир ой бўлди, натижаси сезиларли, маҳалламиз тинч ва осойишта.

Бу каби лойиҳалар нафақат аҳоли учун қулайлик яратяпти, балки маҳаллаларда хавфсизлик, тежамкорлик ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадам бўлмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари