Президент топшириғи амалда
Зангиота туманида "Хавфсиз маҳалла" чора- тадбирлари доирасида Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, мазкур бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан олинган тезкор маълумотга асосан туман ИИБ ходимлари, ДХХ Чегара қўшинлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Зангиота туманлари ҳудудида этил спиртининг ноқонуний айланувига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Унга кўра, Янгийўл туманидаги овқатланиш мажмуаси олдида олдиндан тил бириктирган фуқаролар “шартли харидор”га 108 миллион сўм эвазига 2 минг 400 литр этил спирти сотиш вақтида тўхтатилди. Мазкур маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаронинг кўрсатмасига асосан Зангиота туманида яшовчи шахснинг хонадонидаги омборхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатларсиз сақланаётган 380 дона идишда жами 7 минг 600 литр этил спирти, шунингдек, ушбу маҳсулотни тушириш ва қуйишга мўлжалланган 130 дона бўш полиэтилен идишлар, ёрдамчи анжомлар аниқланди.
Тезкор тадбирлар давомида жами 10 минг литр этил спиртининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Жорий йил 27 январь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида хавфсизликни сақлашга фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул эмас, балки маҳалла, жамоатчилик ва барча мутасадди ташкилотлар ҳамжиҳатлигида амалга ошириладиган умуммиллий вазифа сифатида қаралган эди.
Шу асосида Тошкент вилоятида ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, давлат ва жамият хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид қилаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда божхона органларининг роли ва масъулияти ортиб бормоқда.
Абдилазиз Мусаев, ЎзА