Гулистон шаҳрида “Хавфсиз маҳалла – барқарор жамият пойдевори” шиори остида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди. Баҳор маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Сафарбой Тоғаев иштирок этиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, оилавий низоларни камайтириш ҳамда ҳуқуқий профилактика масалалари юзасидан атрофлича маълумот берди.
Тадбирда аҳолига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ва оилавий низоларни профилактика қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Адлия органларининг маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот ва ижтимоий хизматларни ташкил этишни янада самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Сафарбой Тоғаев маҳаллаларда адлия органлари роли борасида гапириб, низоли оилалар билан ишлашда медиатсия институтининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувда нотариат, ФҲДЁ бўлими, кадастр, коммунал хизматлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этиб, аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган ҳуқуқий муаммолар бўйича тушунтиришлар берди. Масалан, мулк ҳуқуқлари, ижтимоий кафолатлар, ер масалалари ва маъмурий тартиб-таомиллар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир доирасида сайёр қабул ташкил этилди ва фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, тадбирда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилоят филиали патронаж бригадаси ҳам иштирок этиб, профилактик-тиббий кўрик ташкил қилди ва аҳолига бепул дори-дармонлар тарқатди.
– Мақсадимиз – фуқароларга соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг саломатлигини таъминлаш. Бундай тадбирлар фақат ҳуқуқий онгни ошириб қолмасдан, аҳоли саломатлиги ва хавфсиз муҳитни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Маҳалла фуқаролари учун қўшимча тиббий ва профилактик хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга эришмоқдамиз, – деди Фонд раҳбари Юлдуз Усмонова.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири