Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хавфсиз ҳудуд – долзарб 90 кунлик” тезкор профилактик тадбири бошланди
21:21 / 2025-10-11

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазияти оғир бўлган ҳудудларда вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Беруний туманидаги криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда,  Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг республика бошқармасидан қўшимча равишда 60 нафар ходим сафарбар этилди.

Дастлаб, ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия республика бошқармаси раҳбарлари томонидан қўшма қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, “Хавфсиз ҳудуд-долзарб 90 кунлик” кенг қамровли комплекс тезкор профилактик тадбири эълон қилинди.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш механизми сифатида ҳафтанинг ҳар бир куни битта йўналиш билан шуғулланишга бағишланган Дастур тасдиқланди. Унга кўра, ишсиз, гиёҳванд, ичкиликка ружу қўйган,  руҳий касал, муқаддам судланган, профилактик ва маъмурий назоратга олинган ҳамда жиноят содир этишга мойил 7 минг 835 нафар шахс хатловдан ўтказилди.

Натижада муқаддам судланган 103 нафар ва ичкиликка ружу қўйган 35 нафар шахснинг бандлиги таъминланган бўлса, муқаддам судланган 15 нафар, профилактик ҳисобдаги 71 нафар шахс амбулатор ва стационар даволанишга юборилди. Профилактик ва маъмурий назоратдаги шахслар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиб, “қизил” тоифадаги 139 нафар шахс билан алоҳида ёндашув асосида ишлар олиб борилди.

Шунингдек, қўшма қарорда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилиб, танқидий муҳокама қилинди. Масъулиятсизликка йўл қўйган 5 нафар шахснинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди. Бу борадаги чора-тадбирлар республика бўйлаб давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири