Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хавфсиз ҳаёт посбонлари” тадбири бошланди
18:30 / 2023-12-25

Янги йил байрами арфасида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида уюшмаган ёшлар билан “Хавфсиз ҳаёт посбонлари” шиори остида тадбир ташкил этилди.

Тадбирдан мақсад – ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар онгида юрт ва уни ҳимоя қилиш муқаддас бурч эканлигини қарор топтиришдан иборат.  

Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар ички ишлар органлари фаолияти ва тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.  

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, кинология ва отлиқ отряди хизматлари ходимлари билан жонли мулоқотда бўлиб, улардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкони яратилди.  

Тадбир уч қисмга бўлинган бўлиб, бошланиши “Янги йил байрами” муносабати билан ёш ижодкорларнинг мусиқали чиқишлари, ҳар йили Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан республикамизда ўтказиладиган “Яшил чироқ” мусобақаси совриндорларининг чиқишлари, “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасининг ёш спортчилари ҳамда Жамоат хавфсизлиги хизмати “Тезкор ҳаракатланиш ва қўлга олиш отряди”нинг кўргазмали чиқишлари бўлиб ўтмоқда.  

Тадбирнинг иккинчи қисмида мажмуада ажратилган павильонлар ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва Жамоат тартибини сақлаш хизматлари учун тематик баннер ва мониторлар билан жиҳозланди.  

Павильонлардаги масъул ходимлар меҳмонларни хизматлар фаолиятига оид маълумотлар билан таништириб, тарқатма материаллар ва хизмат экипировкаларини намойиш этди. Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар билан турли хилдаги интеллектуал салоҳиятни оширишга қаратилган викториналар, жисмоний машқлар танлови ташкиллаштирилди.  

Тадбирнинг учинчи қисмида йўл ҳаракати хавфсизлиги, патруль-пост, пробация хизматларининг махсус техникалари патруль-пост хизмати бригадаси отлиқ отрядининг хизмат отлари ва кинология хизматининг “сергак ҳимоячи итларининг” намойишлари ҳам бўлиб ўтди.  

Тадбир якунида меҳмонлар Ички ишлар органлари тарихи музейи билан танишди.  

Мазкур тадбирлардан кейин ИИВ томонидан эълон қилинган “Уюшмаган ёшларни илм-маърифатга ва маънавиятга ундовчи, билимсизлик билан ҳаётда муваффақият қозониб бўлмаслигини тушунтиришга қаратилган ижтимоий роликлар танлови” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  

Ушбу тадбир доирасида Германия халқаро ҳамкорлиги жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Диалог” нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда барча иштирокчилар учун янги йил совғалари топширилади.  

Тадбир 29 декабрь куни якунланади.  

Н.Абдураимова, ЎзА