2024 йил 7 августда давлатимиз раҳбари “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Янги таҳрирдаги мазкур қонун соҳага оид айрим масалалар ечимида муҳим ўрин тутади. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, электр энергетикаси бошқарувида ягона вертикал тизим ўрнига электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш бўйича акциядорлик жамиятлари шаклидаги бозор талабларига мос алоҳида субъектлар ташкил этилди.
Соҳада хусусий секторнинг улуши ортиб бораётгани, замонавий технологиялар жорий этилаётгани, ушбу масалаларнинг ҳуқуқий асосини яратиш заруриятини келтириб чиқарди.
Электр энергетикаси соҳасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам амалдаги қонун билан аниқ белгилаб берилмаган эди.
Янги таҳрирдаги қонун айнан шу масалаларга ечим бўлди. Унда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, ишончли, хавфсиз ҳамда барқарор электр таъминоти тизимини яратиш учун ҳуқуқий асосларни шакллантириш орқали иқтисодий ўсиш таъминланади.
Истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатлари ҳимоя қилинади. Самарали, шаффоф ва рақобатбардош электр энергияси бозорининг ривожланиши қўллаб-қувватланади. Хусусий инвестициялар рағбатлантирилади.
Қонун билан электр энергетикаси корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилаш ҳамда уларнинг ўзаро ва давлат ҳокимияти органлари билан муносабатларининг ҳуқуқий асослари яратилди. Ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсизлиги таъминланади ва бу тизим такомиллаштирилади.
Янги таҳрирдаги қонун белгиланган нархлар, электр таъминотининг узлуксизлиги, хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан истеъмолчиларнинг, хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига алоҳида эътибор берган ҳолда уларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
– Қонунда ваколатли субъектлар доираси аниқлаштирилди. Шу масалага тўхталиб ўтсангиз.
– Қонун истеъмолчи, ижтимоий хизмат, ишлаб чиқарувчи, йирик истеъмолчи каби қатор тушунчалар билан тўлдирилди.
Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ҳамда бошқа давлат органларининг ваколатлари ва шу ваколатлар доирасида амалга оширадиган фаолияти белгиланди.
Шунингдек, қонунда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори концепцияси электр энергияси бозорини ва унинг алоҳида сегментларини ташкил этишнинг ҳамда улар фаолият кўрсатишининг батафсил тартибини ва тамойилларини белгилаши назарда тутилган.
Қонунда Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши белгиланган Концепция ҳам назарда тутилган.
Қонун билан Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари, Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари, Марказий харид қилувчининг тижорат қоидалари, Электр энергияси бозорининг умумий қоидалари, Электр энергияси бозори мониторинги, Тизим оператори учун умумий қоидалар учун талаблар белгиланди.
Қонунни ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг, хусусан, Туркия, Грузия, Қозоғистон, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларининг қонунлари ўрганилган.
Шунингдек, қонунда халқаро молия институтлари, хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, USAID ва Жаҳон банки тавсиялари ҳисобга олинган.
– Қонун кучга кириши билан қандай натижаларга эришиш кутилмоқда?
– Қонуннинг амалга киритилиши натижасида мамлакатимизда иқтисодий ўсишни таъминлаш, хусусан, саноатни ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлиги юксалиб бориши таъминланади.
Хусусан, хавфсиз ва барқарор электр таъминоти тизимини яратиш учун ҳуқуқий асослар шакллантирилишига эришилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилади.
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясини ишлаб чиқариш рағбатлантирилади ва қўллаб-қувватланади. Электр энергетикаси соҳаси ва истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлиги ошади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2024 йил 9 ноябрда кучга киради.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.