Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 116 та корхона рўйхати эълон қилинди
10:26 / 2026-02-26

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хавфли қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи 116 та корхона рўйхатини эълон қилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 1 мартдан мазкур корхоналар махсус электрон реестрга киритилади ва уларнинг давлат харидларида иштирок этиши чекланади. Хавфли деб топилган маҳсулотлар эса муомаладан чиқарилади.

Ҳужжатда мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритувчи 116 та корхона номи келтирилган. Улар орасида темир-бетон буюмлар, ғишт, бетон конструкциялар, қудуқлар, газоблок, арматура ва бошқа қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар бор.

Мазкур чора Президентимизнинг 1 декабрда қабул қилинган 365-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ушбу қарор қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Электрон реестр қурилиш объектларида ўтказиладиган назорат тадбирлари натижалари асосида шакллантирилади. Маълумотлар «Техник тартибга солиш» ҳамда "Шаффоф қурилиш" ахборот тизимлари орқали интеграция қилинади.

Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ушбу реестрга киритилади ва улар давлат харидларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

2026 йил 1 февралдан бошлаб буюртмачилар ва ишлаб чиқарувчиларга хавфли деб топилган маҳсулотларни ваколатли органлар кўрсатмаси асосида муомаладан чиқариш мажбурияти юкланади.

Бундай маҳсулотлар қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарга ёки чиқинди полигонларига юборилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА