Янги йил яқинлашгани сари кўча-кўйда ва байрам арчалари ўрнатилган ҳудудлар яқинида болалар, ёшлар пиротехника воситаларидан фойдаланади.
Жиззах вилояти ички ишлар, божхона, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг қонунга зид равишда мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ишлаб чиқариш ва савдосига барҳам бериш, бу турдаги воситалардан фойдаланиш натижасида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида умумий савдо ҳудудларида қўшма рейдлар, таълим муассасаларида “Агар сиз харид қилмасангиз, пиротехника савдоси ўз-ўзидан тўхтайди” мавзусидаги тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
– Аянчли оқибатларга олиб келадиган бу хавфли “ўйинчоқлар” болаларга, атрофдагиларга оғир жароҳат етказиши мумкин, – дейди Жиззах вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси Ахборот гуруҳи раҳбари, майор Эркин Очилов. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХ бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 13 та ҳолатда, жумладан уларнинг 8 таси ЙПХ масканларида ҳамда 5 та ҳолат савдо мажмуаларида, жами 91 минг 781 дона пиротехника воситалари савдосига чек қўйилди.
– Авваллари байрам кунлари жароҳатланган мурожаатчилар кўп бўларди, сўнги 3 ойда бизга бу масалада мурожаат қилганлар бўлмади, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Рустам Субхонқулов. – Пиротехник воситалар билан куйиш жароҳати олишни назорат қилиш мақсадида олиб борган доимий таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, сўнгги йиллар мобайнида ички ишлар, ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бу турдаги жароҳатланишлар кескин камайган.
Пиротехника воситалари, яъни салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли “ўйинчоқлар” инсон, айниқса болалар организмига салбий таъсир кўрсатади. Жумладан, тананинг юз, кўз, қўл ва ҳатто оғиз-бурун соҳаларида оғир, чуқур куйиш ва жиддий шикастни келтириб чиқариши, кўзларнинг шикастланиши натижасида кўриш фаолиятини қисман ёки бутунлай йўқолиши, куйган тана соҳаларида дағал, хунук чандиқлар ҳосил бўлиши, асоратлар беморларнинг руҳий ҳолатига жуда ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.
– Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан пиротехника буюмларини ноқонуний равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, сотиш, улардан фойдаланиш, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2501-модда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди, – дейди жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси Ғиёсиддин Ялгашев. – Таъкидлаш жоизки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси билан ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 20 бараваригача бўлган миқдорда жарима ҳамда шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса Жиноят кодексининг 2501-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.
Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси орқали мўмай даромад топаман, деб юрган юртдошлар, қардли ота-оналар, қанча қийналиб топган пулингизга фарзандингизга дард, ўзингизга ташвиш сотиб олманг.
Янги йил байрами турли пиротехника воситалари, яъни хавфли “ўйинчоқлар”сиз ҳам мароқли ўтади. Улардан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутассаддилари бирдек масъулиятни ҳис қилишлари талаб этилади.
А.Қаюмов, ЎзА