Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфларни бошқариш тизими орқали экспорт декларацияларининг 81 фоизи инсон омилисиз амалга оширилган
14:41 / 2023-12-11

Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар божхона хизматлари раҳбарларининг йиғилиши ўз ишини бошлади.

Тадбирга ташкилотга аъзо Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи давлат — Венгрия божхона хизмати раҳбарлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташриф буюрган. Шунингдек, Грузия божхона хизмати раҳбари фахрий меҳмон сифатида иштирок этмоқда.  

Меҳмонлар дастлаб Божхона қўмитасининг Божхона расмийлаштируви маркази ва Марказий божхона лабораторияси билан танишди. Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақомини олган бундай лабораториялар дунё бўйлаб атиги 10 та давлатда бор.  

Бугунги кунда лаборатория текстиль маҳсулотлари, полимер ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, тамаки ва никотин моддаси сақловчи маҳсулотлар, генетик модификацияланган организмлар, озон қатламини бузувчи моддалар, металл ва металл қотишмалари, алкогол маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи дори воситалари экспертизасини амалга ошириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланди. Бу ерда амалга оширилган экспертиза синов натижалари минтақа миқёсида тан олинади.  

Шу ернинг ўзида Божхона қўмитаси Миллий кинология марказида тайёрланаётган хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди. Миллий кинология маркази Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий маркази мақомига эга.  

Кейинги манзил Божхона қўмитасининг Божхона расмийлаштируви маркази бўлди. У ерда иштирокчилар марказ фаолияти билан танишди. Жорий йилнинг 29 августида Президентимизнинг Божхона қўмитасига ташрифи чоғида ишга туширилган мазкур марказ халқаро жамоатчилик томонидан ҳам қизиқиш билан қарши олинмоқда.  

Президентимизнинг “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш бўйича топшириқлар белгиланган эди.  

Божхона қўмитасида бунёд этилган Божхона расмийлаштируви маркази мазкур чора-тадбирларнинг амалий натижаси бўлди. Ушбу мажмуада Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ” ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси ташкил этилди.  

Бугунги кунда Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш постида 116 нафар божхона ходимлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқот чекланган ҳолда товарлар масофавий расмийлаштирилмоқда. Ушбу божхона постида республика бўйича расмийлаштирилаётган жами декларацияларнинг 50 фоизи (кунига 3 мингта) қамраб олинган. Товарлар расмийлаштирувида ягона ёндашувга эришиш орқали тадбиркорлар харажатини янада қисқартиришга эришилмоқда.  

Божхона қўмитасининг энг сўнгги замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган “Call-марказ”и танишувнинг навбатдаги манзили бўлди. Марказ божхона органларида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаб, бир кунда 600 дан ортиқ мурожаатларни куну-тун қабул қилиш ва муаммоли ҳолатларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда. Божхона қўмитасида ташкил этилган муқобили йўқ яна бир марказ Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.  

Марказдаги ахборот тизимларининг хорижий, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бир қатор давлатлар божхона хизматларининг ахборот тизимларига интеграция қилингани ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этишга муносиб ҳисса қўшмоқда.  

Бу ерда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг божхона хизматлари билан туну-кун ўзаро тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилган. 2023 йилнинг 11 ойида расмийлаштирилган жами 1 миллионга яқин декларациянинг барчаси Хавфларни бошқариш тизими орқали қайта ишланиб, хавф аниқланган 60 мингга яқин декларация бўйича бюджетга 80 миллион доллардан ортиқ эквивалентдаги қўшимча тўловлар ундирилган. 83 фоиз декларация соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, экспорт декларацияларининг 81 фоизи эса инсон омилисиз амалга оширилган.  

Ш.Маматуропова, ЎзА