Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаваскор халқ ва қўғирчоқ театрлари танлови
14:04 / 2023-03-28

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида 27 март куни Халқаро театр куни муносабати билан ҳаваскор халқ театрлари ва қўғирчоқ театрларининг кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу жумладан, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда театрнинг ўрни беқиёс. Театрларни бежизга тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди.  

Кўрик-танловда шаҳар ва туман маданият бўлимларидан 13 та ҳаваскор театри ҳамда 6 та қўғирчоқ театри жамоалари иштирок этди. Иштирокчилар жаҳон драматургияси асарлари, ўзбек ва қароқалпоқ эпос-достонлари ва эртаклари, қардош халқлар асарлари, бугунги кун талабига мос томошалар ҳамда пантомималар, шунингдек, маҳаллий драматургларнинг асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллари билан саҳна ҳунарларини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати жамоаларнинг ижрочилик маҳорати, актёрларнинг саҳна нутқи ва маданияти, декорацияси ҳамда безакларини эътиборга олишди.  

Кўрик-танлов якуни бўйича ҳаваскор халқ театрлари ўртасида Хўжайли тумани Маданият бўлимининг Олимжон Халимов номидаги халқ театри биринчи, Кегейли тумани Маданият бўлимининг халқ театри иккинчи, Қўнғирот тумани Маданият бўлимининг Абдираман Утепов номидаги халқ театри учинчи ўринни эгаллади. Қўғирчоқ театрлари ўртасида Нукус шаҳар Маданият бўлимининг болалар қўғирчоқ театри “Энг яхши ижро маҳорати учун”, Тўрткўл тумани Маданият бўлимининг “Болажон” болалар қўғирчоқ театри “Энг чаққон ижрочилиги учун”, Қораўзак тумани Маданият бўлимининг болалар қўғирчоқ театри “Энг қувноқ ижрочилиги учун” номинациялари ғолиби деб топилди.  

Ғолиб жамоалар Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА