Пойтахтимизда ҳаваскор ижодкор ёшлар театр-студиялари республика кўрик-фестивали якунланди.
Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу кўрик-фестивалнинг ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, республика коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган дастлабки босқичида таълим масканларининг ҳаваскорлик ижодий театр-студиялари фаол иштирок этди.

Якуний босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 15 та жамоа, 168 нафар иштирокчи қатнашди.
Ёшлар томонидан тақдим этилган спектакллар Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри, Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри, “Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студияларида намойиш этилди.

Кўрик-фестиваль мамлакатимизда театр санъатини янада ривожлантириш, истеъдодларни излаб топиш, оммавий тадбирлар савиясини юксалтириш мақсадида ташкил этилди. Кўрик -фестиваль давомида жамоаларнинг бадиий чиқишларида нутқ маданияти, саҳна кўринишларининг бадиий-ғоявий савияси, асар мавзусининг қаҳрамонлар томонидан очиб берилиши, бадиий маҳорат каби мезонларга катта эътибор қаратилди. Турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА