Тошкент фотосуратлар уйида “Ҳунарманд” уюшмаси ва Бадиий академия билан ҳамкорликда “Соҳир қалам мўъжизаси” номли III республика хаттотлик ва миниатюра кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ҳозирги кунда республикамизда 28 мингдан ортиқ ҳунарманд фаолият юритади. Шундан 200 нафардан зиёди миниатюра ва хаттотлик йўналишидаги уста ҳунармандлар ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан хаттотлик услубида тайёрланган қўлёзмалар, китоблар, миниатюра ва тасвирий санъат асарлари, рисолалар ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари, муқовалаш ишлари ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар иш, хизмат кўрсатиш турлари рўйхатига киритилди.
Фармон асосида берилган имтиёз ва преференциялардан хаттотлик ва миниатюра йўналишида фаолият олиб бораётган республикамиздаги барча ҳунармандлар фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
“Соҳир қалам мўъжизаси” номли III республика кўргазмасида республикамизнинг барча ҳудудларидан 50 нафардан ортиқ хаттотлик ва миниатюра йўналишида фаолият олиб бораётган ҳунармандларнинг 500 дан ортиқ ижодий ишлари намойиш этилди.
–Хаттотлик арабча “ҳуснихат ёзувчи” деган маънони билдириб, ёзув, хат санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобаларини яратиш касбини англатади, – деди “Ҳунарманд” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Азиз Муртазоев. – Кўргазма республикамизда учинчи бор ташкил этилмоқда. Кўргазма хаттотлик ва миниатюра йўналишида ижод қилаётган ижодкорларнинг ишларини кенг тарғиб қилиш, уларни халқимизга таништириш, ижодларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Кўргазма доирасида “Хаттотлик санъатининг миллий ҳунармандчиликдаги ифодаси” мавзуида илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади.
Ҳозирги кунда хаттотлик Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўргатилади.
Бу санъат Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган. Мамлакатимизда азалдан хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида кенг фойдаланилган. Масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворларига хаттотлик услубларида Қуръон оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан ёзилган битиклар бор.
Ушбу кўргазмани ташкил этишдан яна бир мақсад юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида маълумот бериш, тарғиб қилиш, ёшларни ҳунарга ўргатишдан иборатдир.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/QPjVWTfeP88" title="Ҳаттотлик меъморчилик ва халқ амалий санъатининг сирли намунасидир" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Гулноза Бобоева,
Донёр Ёқубов (видео)ЎзА