Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни юртимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг дахлсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга тарихий ҳужжат ҳисобланади.
Қонунга кўра, фуқаролар эндиликда ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш учун сарсон бўлмайди. Мазкур қонунга асосан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тегишли маълумотлар ҳамда ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда. Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят адлия органлари томонидан текшириб чиқилади. Ижобий хулоса фуқароларга эса белгиланган тартибда халқ депутатлари вилоят кенгашларининг қарори билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилади.

– Ўтган давр мобайнида мазкур қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азамат Бафаев. –Жумладан, 24 минг 860 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Хатлов натижаларига кўра, 16 минг 559 та объект Ягона кадастр ахборот тизими – “UZKAD” платформасида рўйхатга олинган. Объектларнинг 10 минг 623 та эса махсус “Эътироф” ахборот тизимига юкланди. Ушбу объектлар юзасидан ҳуқуқий ҳолатлар аниқланиб, тегишли босқичларга йўналтирилди.
Айни пайтда объектлар юзасидан ҳуқуқий эътироф ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хатлов натижалари ва кўриб чиқиш босқичларидан сўнг халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан 54 та ҳолатда фуқароларнинг ер майдонларига нисбатан ижара ҳуқуқлари, бино ва иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқлари қонуний равишда эътироф этилди.
Ушбу ҳуқуқлар асосида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, улар Давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу эса фуқароларга ўз мулки устидан қонуний эгалик қилиш имкониятини яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.