Тошкент вилояти давлат солиқ хизмати органлари Солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш ходимлари томонидан учинчи чорак учун белгиланган прогноз кўрсаткичларини бажарилиши ҳамда солиқ қарзини қисқартириш юзасидан 13-15 июль кунлари хатлов жараёнлари ўтказилди. Унда 1,9 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди.
Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси Солиқ қарзларини ундуришни ташкил қилиш бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда қарздорларнинг мол-мулкларини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирлари бўлиб ўтяпти.

Хусусан галдаги шу каби тадбир Ўрта Чирчиқ туманидан рўйхатдан ўтган “Real agro cotton” корхонасида ташкил этилди. Унинг 2022 йил 15 июль ҳолатига 24,05 миллиард сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, жамиятга солиқ қарзини узиш тўғрисида талабномалар юборилган. Унда солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажарилиши, акс ҳолда давлат солиқ хизмати органлари томонидан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 15 кундан сўнг хатлов ишларини амалга оширилиши назарда тутилган. Шунга қарамасдан корхона томонидан бугунги кунгача солиқ қарздорлиги сўндирилмаган. Натижада солиқ органи раҳбари томонидан чиқарилган хатлов қарорига асосан корхонага тегишли бўлган офис жиҳозлари, бино иншоотлар ва автотранспорт воситалари техника жиҳозлари хатланди.
Шунингдек, Нурафшон шаҳридан рўйхатдан ўтган “Real tex Nurafshon” МЧЖда ҳам хатлов ўтказилди. Мазкур корхонанинг 2022 йил 15 июль ҳолатига 3 миллион сўмдан зиёд солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, тадбиркор тегишли тартибда огоҳлантирилган. Аммо мавжуд қарздорлик қопланмаган. Юборилган талабномалар асосида хатлов қарори чиқарилиб, жамиятга тегишли бўлган нотурар биноси ва “Дамас” русумли автомашинаси солиқ қарздорлиги ҳисобига хатланди.

Таъкидлаш керакки, вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 1,3 триллион сўм солиқ қарзига эга 4 минг 22 та объектда хатлов тадбири ўтказилиб, 1 минг 746 та ҳолатда 142,4 миллиард сўм маблағ ундирилди. Шу билан бирга, 4 минг 22 та қарздорнинг 1,3 триллион сўм солиқ қарздорлиги ҳисобига мол-мулклари, шундан 563 та бино ва иншоот, 891 та транспорт воситалари ва 3 минг 531 та бошқа турдаги мулклар хатланди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарздорлигининг ортиб боришига йўл қўймаслик, солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
А.Мусаев,ЎзА.