Кадастр агентлигининг ваколатларидан бири географик объектлар номларини давлат экспертизасидан ўтказишдир.
Миллий матбуот марказида Кадастр агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Қайд этилишича, ўтган йилда географик объектларга ном бериш бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан тақдим қилинган 48 минг 897 географик объектнинг номлари давлат экспертизасидан ўтказилган. Шундан, 36 минг 6 та ном қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, 12 минг 891 та ном қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ деб топилди.
2022 йилда Географик объектлар номларининг давлат реестри базасига жами 38 минг 590 та географик объект номи киритилиб, рўйхатга олинди.
Ҳозирги кунда Географик объектлар номларининг давлат реестри маълумотлар базасида 166 минг 500 та географик объектларнинг номлари жамланган. Шу билан бирга, ўтган йили республика бўйича ўтказилган хатлов натижасида 10 мингдан ортиқ номсиз кўчалар аниқланган. Уларга ном бериш бўйича таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилди. Аксарият вилоятларда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг қарорлари қабул қилиниши ва маълумотларни давлат реестрига киритилиши таъминланди.
“Картография” давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси томонидан 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларининг географик объектлари тўғрисидаги умумлаштирилган тўлиқ маълумотларни ўз ичига олган географик объектлар номлари интерактив рақамли хариталари ишлаб чиқилган.
Агентлик тизимидаги Республика аэрогеодезия маркази томонидан тайёрланган Хоразм, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Фарғона вилоятларининг 1:25 000 масштабдаги топографик хариталарини нашрга тайёрлаш ва нашр қилиш ишлари амалга оширилган. Жами 717 та номенклатура топографик хариталари нашрга тайёрланди. Мазкур топографик хариталар иқтисодиётнинг барча соҳаларини ва Республика мудофааси ва хавфсизлигини таъминлашда картографик асос бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА