Навоий вилояти Хатирчи туманида саноатни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим лойиҳа амалиётга татбиқ этилди.
Туманнинг “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “GOLD DOORS SERVIS” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди.

Мазкур корхона Хитой технологиялари асосида замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши маҳаллий бозорни сифатли мебель маҳсулотлари билан таъминлаш, импорт ўрнини босиш ҳамда келгусида экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ушбу лойиҳа туман саноат салоҳиятини ошириш билан бирга маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, корхона фаолияти натижасида 40 га яқин янги иш ўрни яратилиб, маҳалла аҳолиси, асосан, ёшлар ва ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда.

Албатта, бундай ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилиши ҳудудларда иқтисодий фаолликни ошириш, аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади. “GOLD DOORS SERVIS” МЧЖ томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа эса Хатирчи туманида саноатни ривожлантириш йўлида навбатдаги амалий қадамлардан биридир.
А.Бўриев, ЎзА