Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хатирчида “Хотира хиёбони” бунёд этилди
14:48 / 2024-05-10

Хотира ва қадрлаш куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ҳам ўзгача шукуҳ, ўзгача кўтаринкилик билан нишонланди. Байрам туман марказида қуриб битказилган “Хотира хиёбони”нинг очилиш маросимига уланиб кетди.

Мажмуада Мотамсаро она ҳайкали қад ростлаган бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар номлари битилган “Хотира китоби” ўрин олган.  

Мажмуада қўқонлик уста-ҳунармандлар томонидан шарқона меъморчилик анъаналари услубидаги кўркам айвон бунёд этилган. Бўйи 4 метрдан ортиқ бўлган Мотамсаро она ҳайкали муаллифи  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, ҳайкалтарош Улуғбек Курязовдир.  

Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, табаррук нуроний отахон ва онахонларни, фронт ортида меҳнат қилган кекса авлод вакилларини, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаб, Ватанимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган туман аҳлини Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги билан табриклади.  

Маълумки, машъум уруш жанггоҳларида юртимизнинг 1,5 миллиондан ортиқ навқирон ўғлонлари иштирок этиб, улардан 500 минг нафари ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган. Жумладан, Хатирчи туманидан ҳам урушга 8 минг 982 нафар киши сафарбар этилиб, улардан 1 минг 482 нафари ҳалок бўлган, 810 нафари эса бедарак йўқолган.  

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда мазкур санани кенг нишонлаш мақсадида қабул қилган фармонига мувофиқ, бутун мамлакатимизда бўлгани каби ушбу улуғ айём туманимизда ҳам “Жасорат – миллат ғурури ва ифтихори” шиори остида кенг байрам қилинди, – дейди нуроний отахон Маҳмуд Тошонов. – Биз ҳар гал Хотира ва қадрлаш кунини нишонлар эканмиз, беихтиёр Иккинчи жаҳон урушининг халқимиз бошига солган мусибатларини ёдга оламиз, жанг майдонларида юксак мардлик ва матонат намуналарини кўрсатган уруш ва фронт орти фахрийларининг жасоратига таҳсинлар айтамиз. Энг муҳими, ёшларимиз бугунги тинч ва осойишта ҳаёт қадрини, Ватан туйғусини, эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчини теранроқ англамоқда, тинчликни, она диёримиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш фарзандлик бурчи эканини юракдан ҳис этмоқда. 

[gallery-17364] 

Шу куни туманда қисқа муддатларда қуриб битказилган ўлкашунослик музейи биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Унинг қурилиши тадбиркор Зеҳниддин Ғоипов раҳбарлигидаги “Ғолиб Жавоҳир” қурилиш-монтаж корхонаси қурувчилари томонидан амалга оширилди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),

ЎзА мухбирлари