Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир Носиржон Жўраевнинг Туркияда чоп этилган “HASRETİN ŞEKLİ” ("Ҳасратнинг шакли") китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ижодкорнинг мухлислари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, доцент Раҳмон Қўчқор, филология фанлари доктори Раҳимбой Жуманиёзов, таржимон Огулнур Атаева ва бошқалар сўзга чиқди.
— Ижодкор ҳамиша бугунги замон билан ҳамнафас бўлиши керак, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Юртимизда кечаётган ўзгаришлар, янгиланишларни халқимизга бадиий асарлар орқали кўрсатиб бериш бугун жуда долзарбдир. Носиржон Жўраев ҳам тезкор даврдаги беором, тинчимас шоирлардан. Туркияда чоп этилган ушбу китоби эса турк китобхонлари учун шоир ижодининг қардош тилда жаранглаши билан аҳамиятлидир.

Кейинги йилларда қардош мамлакатлар, хусусан Туркия билан адабий алоқалар янада кенгайди. Ижодкорлар ўртасида ҳам дўстлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу китоб ҳам халқларимизнинг наинки адабий жиҳатдан, балки кўнгилларини ҳам бир-бирига яқин қилади, десак муболаға бўлмайди.
— Миллатни элат билан, тилларни тил билан боғлайдиган восита бу — таржимадир, — деди Раҳимбой Жуманиёзов. — Носиржоннинг ушбу китобини варақлар экансиз, шоирнинг қайғулари, туйғулари, чизгилари, сезгилари билан ошно бўласиз. Бунда эса чин маънода ҳасратнинг шакл-шамойилини англайсиз, кўрасиз.
Истанбулнинг “Artshop” нашриётида чоп қилинган мазкур китобга шоирнинг сўнгги йилларда ёзган энг сара шеърлари таржима қилиб жамланган.
Шеърларни ўзбекчадан турк тилига Раҳмат Бобожон таржима қилган.
—Илмий изланишларим давомида Носиржон Жўраев шеърларини таржима қилар эканман, ҳар бир мисрада қандайдир жумбоқ, бошқа йўналиш борлигига гувоҳ бўлдим, — деди таржимон Огулнур Атаева. — Ижодини қайта-қайта ўқиганимда ўзимни ўзга оламга тушиб қолгандай ҳис қилдим. Сўзларида залвор борлигини англадим.
Тадбирда муаллиф ижодий жараёндаги кечинмалари билан ўртоқлашди.
[gallery-14819]
Шу билан бирга, Раҳимбой Жуманиёзов Нотиқлик санъати академияси томонидан ўтказилган танловда “Хорижий мамлакатларда миллий шеъриятнинг жозибаси ва нафосатини тараннум этишдаги жўшқин ижодий фаолияти учун” номинациясининг ғолиби бўлгани учун Носиржон Жўраевга эсдалик совғаларини топширди.
Санъаткорлар томонидан шоир шеърларига басталанган қўшиқлар ижро этилди.
Н.Усмонова,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА