Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳашар – ҳамжиҳатлигимизнинг ёрқин намунаси
16:05 / 2026-03-04

Покизаликка риоя этиш – халқимизнинг азалий одати. Қутлуғ Рамазон ойида бу қадриятимиз янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида жойларда ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 февралдаги тегишли фармойиши асосида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва жамоатчилик вакилларининг тегишли таклифлари асосида жорий йилнинг 13-14 март кунлари “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. 

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жовдатхон Иноғомов мамлакат миқёсида ушбу йирик тадбир хусусида қуйидаги фикрларни билдирди: 

– Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 14 октябрда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда февраль ва март ойларида “Тозалик ва озодалик ойлиги” ўтказиш юзасидан топшириқ белгиланган.

Ойлик доирасида амалга ошириладиган вазифаларнинг ҳар бир маҳалла кесимида манзилли режалари шакллантирилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича ҳар ҳафтанинг шанба куни оммавий ҳашарлар ташкил этилмоқда. 

Мазкур топшириқнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 28 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинди.

Мамлакатимизда аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган миллий қадрият – ҳашар тадбирлари халқимиз орасида бирдамлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳар йили мамлакатимизда умумхалқ байрамлари арафасида хайрия ҳашари ўтказиш анъанага айланган. 13-14 март кунлари ҳам “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. 

Президентимиз томонларидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар ва хонадонларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишда аҳолининг дахлдорлигини кучайтириш долзарб масаладир.

Умумхалқ хайрия ҳашарини уюшқоқлик билан ўтказишда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратилади. Жумладан, ҳар бир вилоят ва туман (шаҳар)да ҳокимларнинг қурилиш, коммунал, ижтимоий соҳа йўналишдаги ўринбосарлари, Маҳалла уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Экология, Уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарларидан иборат Штаблар фаолияти йўлга қўйилади.

Маҳаллаларда “еттилик” аъзолари, мактаб ва боғча мудирлари, ҚВП ва ОВП бош шифокори, уй боши ва кўчабошилар, бошқарув сервис компаниялари, маҳаллада обрў эътиборга эга вакиллардан иборат Ишчи гуруҳлари ташкил этилади.

Муҳтарам юртбошимиз томонларидан ҳашар тадбирида “Маҳалла еттилиги”га алоҳида вазифалар белгилаб берилган.

Маҳалла раиси ҳашар тадбирини уюшқоқлик билан ўтказишга умумий раҳбарлик қилади, ҳашарга кенг жамоатчиликни жалб қилади, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига бош-қош бўлиб маҳалланинг барча манзилида ҳашар ўтишини таъминлайди.

Ҳоким ёрдамчиси эса маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, якка ёлғиз кексалар ва қарияларнинг ҳолидан хабар олиб, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари билан таъминлайди. 

Ёшлар етакчиси ёшларни жалб этган ҳолда маҳалла қабристонларида ҳашарларни ташкил этади, тозалаш, дарахтларга шакл бериш, эгасиз қабрларни суваш, гуллар ўтказиш, чиқинди-ўтлардан тозалаш ишларини ташкил этади. Бу ёшлар учун тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Хотин қизлар фаоли – маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож якка ёлғизлар ва ногиронлиги бўлган отахон ва онахонлар хонадонларида тозаликни таъминлаш, озода ва саришта хонадонга айлантириш ҳашарларини ташкил этади.

Профилактика инспектори – маҳалла ҳудудида экологик ҳолатни яхшилаш, йиғилган чиқиндиларни чиқариб ташлаш, ўзбошимча чиқинди ташлаш ҳолатларини аниқлаб чораларни кўриш, ҳашар давомида жамоат тартибини сақлаш ишларига бош бўлади.

Солиқ инспектори – маҳалла ҳудудида жойлашган мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар, ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларида объектлари ва ташқи ҳудудларида ҳашар ишларини ташкил этилишига ҳисса қўшади. Ҳар бир корхонанинг ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчати ва гул экинларини экиш ишларини таъминлайди.

Ижтимоий ходим – маҳаллада ижтимоий ҳимоя реестрида бўлган оилалар, якка ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳамда оғир аҳволдаги шахсларга қўлтиқ таёқ, қулоқ эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачаси ва бошқа турдаги воситалар ҳамда зарурий дори-дармон билан таъминлаш ва уларнинг шароитларини яхшилаш чораларини кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, “маҳалла еттилиги”га масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳам қатор масалаларга жиддий эътибор қаратилади. 

Жумладан, уч кун муддатда ҳар бир маҳаллада ҳашарнинг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қатламига ёрдамларини кўрсатишга оид ишлар “кўчабай”, “хонадонбай” асосида шаклантирилади ва унга маҳалла “еттилик” аъзолари ва фаоллари (кўча, уй бошилар) бириктирилади.

Ҳашар кунлари маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар ҳамда ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади.

Ариқ, томорқа ва йўлаклар тозаланади, маиший чиқиндилар чиқариб ташланади, деҳқон ва буюм бозорлари ҳудудлари ҳамда уларнинг атрофлари тозаланади, бинолари оқланади ва ранг берилади, дарахт ва буталарга шакл берилади, қуриган дарахт шохлари кесилади.

Маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, маҳалла жамғармаси, ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул кўчат тарқатиш ва дарахт экиш ишлари ташкил этилади. 

Маҳаллаларнинг марказий кўчалари, шунингдек, тадбирлар ўтадиган жойлар “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашари ғоя ва асосий тамойилларнинг мазмунини ўзида акс эттирувчи шиорлар, плакатлар, паннолар ва бошқа кўргазмали воситалар билан безатилади. 

Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланганлигини қатъий назоратга олинади. Якка-ёлғиз, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларини тартибга келтириш, зарур ҳолларда озиқ-овқатлар ажратиш чораларини кўрилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси, ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан юқорида келтирилган шахсларнинг уй-жойларини таъмирлаш, моддий ёрдам ажратиш чоралари кўрилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда аҳоли томорқасида ҳамда ишсиз аҳолига берилган ижара ерларини баҳорги экин экиш жараёнларига тайёрлаш, томорқадан самарали фойдаланиш чоралари кўрилади. Бунда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида фуқаролар йиғинларини мева-сабзавот етиштириш, иссиқхоналар ташкил этиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик каби ташқи бозор талаблари асосида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштиришга эътибор қаратилади. 

Ҳашар азалдан халқимизнинг бирдамлиги, аҳил ва ҳамжиҳатлигини намоён этувчи анъана саналган. Бу йил ҳам умумхалқ хайрия ҳашари давомида халқимизнинг айни фазилатлари яна бир карра намоён бўлишига шубҳа йўқ. 

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.