Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий гарнизон ва ҳарбий қисмларида қадимий баҳор айёми – Наврўз байрамига бағишлаб “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда.
Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида ташкил этилган “Моҳир қўллар” ҳамда “Пазанда бека” кўрик-танловлари ҳам кўп минг йиллик тарихга эга миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг намоён этгани билан тадбир иштирокчиларининг олқишига сазовор бўлди.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаб, ҳарбий оилалар ўртасида ҳунармандлик ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этишга йўналтирилган танловда тинчлигимиз посбонларининг уй бекалари ўзаро баҳслашди.
[gallery-16418]
Уй бекалари пазандалик маҳорати ва касб-ҳунарларини юксак маҳорат билан намойиш этди.
Кўрик-танлов якунида “Пазанда бека” йўналишида фахрли биринчи ўрин кичик сержант Абдураззоқ Азизовнинг турмуш ўртоғи Жаҳона Рашидовага насиб этди. “Моҳир қўллар” танловида кичик сержант Ўктам Рўзиевнинг турмуш ўртоғи Сарвиноз Шуҳратова ғолиб бўлди.
Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналари акс этган танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири