Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги Какайди қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” мавзуига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаравон яшайлик” шиори остида ўтказилган тадбирда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши Сурхондарё вилоят бўлими, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят филиали, Жарқўрғон туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда “Бувижонлар” мактаби онахонлари иштирок этди.

-Оила-ватан ичра кичик ватандир,-дейди “Бувижонлар ” мактаби диреетори, ҳалқ таълими аълочиси Гулнора Алматова.- Бизнинг тинч, тотув ва фаровон ҳаётимизни таьминлашда сиз, азиз аёлларимиз турмуш ўртоқларингизнинг хизмати жуда катта. Сизларни ҳам турмуш ўртоқларингиз сингари Ватан ҳимоячиси сифатида улуғлаймиз. Демак, оилаларингиздаги тинчлик, хотиржамликнинг, аҳилликнинг осуда турмушимизни таьминлаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашда ўрни беқиёсдир.

Қизиқарли суҳбатга бой бўлган тадбирда иштирокчиларга соғлом турмуш тарзи тарғиб қилиниб, малакали шифокорлар тиббий маслаҳат берди. Дунёга чанг солган пандемия шароитида мамлакатимизда эълон қилинган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, инфеецияси тарқалишининг олдини олиш, унга қарши курашиш, шахсий ва жамоавий гигиена қоидаларига риоя этиш юзасидан тавсиялар берилди. Услубий қўлланмалар тарқатилди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ҳарбий шаҳарчада ўтказилаётган тадбирлар ва ҳашарларда фаол иштирок этаётган оилаларга Жарқўрғон туман ҳоеимлигининг байрам совғалари топширилди.
Тадбир якунида “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди вилоят филиалининг малакали шифокорлари ҳарбийларнинг оила аъзолар учун тиббий кўрик ташкил этиб, бепул дори-дармон тарқатди.

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаравон яшайлик” шиори остида “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” мавзуига бағишланган тадбирлар Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги бошқа ҳарбий қисмларда ҳам ўтказилмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА