Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, оилаларда маънавий-руҳий ҳолатни мустаҳкамлаш мақсадида Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон ҳамда Навоий гарнизонларидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномаларни топшириш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабларига мувофиқ 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ходимларининг фарзандларига олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун беш фоизли квота ҳамда бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларининг бакалавриатига танловсиз қабул қилиниш тўғрисида тавсияномалар берилиши белгиланган.
Тадбирда округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига алоҳида эътибор кўрсатилаётганини таъкидлади. Маросимда 84 нафар йигит-қизга беш фоизли квота асосида ўқишга кириш тўғрисидаги тавсияномалар тантанали равишда топширилди.
– Ушбу тавсияномага лойиқ деб топилганимни эшитиб, ҳарбийнинг фарзанди эканлигимдан фахрландим, – дейди Гулираъно Икромжонова. – Албатта, ҳарбийлар фарзандлари қатори менинг ҳам бундай имтиёзга эришишим катта бахт. Биз ёшлар яратилаётган имкониятларга жавобан келажакда танлаган соҳамизнинг етук кадрлари бўлиб етишиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз.
Шунингдек, округ қўмондонлиги марҳум ҳарбий хизматчилар кичик сержант Акобир Ғаффоровнинг ўғли Жасурбек Усмонқуловга ҳамда майор Бобомурод Тожиевнинг қизи Дилбарой Тиркашевага ўзлари таҳсил оладиган мактабларида тенгдошларининг гувоҳлигида тантанали равишда имтиёзли тавсияномаларни топширди.
[gallery-11745]
Тадбирда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг хотираси ёд этилди.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА