Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги – сифат жиҳатидан янги босқичда
12:50 / 2022-01-19

ФОТОРЕПОРТАЖ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари ҳарбий соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, ҳарбий қисмларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, уларни замонавий техника, қурол-аслаҳа билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар-хизмат фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга устувор эътибор қаратилмоқда.

Бундай ўзгаришлар ва янгиланишларни Сурхондарё вилоятидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Какайди ҳарбий қисмида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур ҳарбий қисмда ҳарбий округ бинолари, ахборот технологиялари, маънавий ва маърифий, жанговар тайёргарлик ўқув хоналари инфратузилмаси тубдан янгиланган.

Президентимизнинг кўрсатмасига асосан, Соҳибқирон Амир Темур, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ўзбек маърифатпарварлари хотирасига эҳтиром сифатида ташкил этилган хоналарда ҳарбий хизматчилар аждодларимизнинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишиш имконига эга.

Ўқув биносида жой олган Панорамали ўқув хонасида эса ўқ дори сарфисиз тўғри отишни 3 кун ичида ўрганиш мумкин.

– Мазкур хона тўлиқ замонавий жиҳозланган, - дейди йўриқчи оператор Иқболжон Орифжонов. – Панорамали ўқув хонасидаги қулайликлардан бири бу – вақт ва масофанинг тежалишидир. Ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарликни ошириш учун ҳар куни ҳам полигонга чиқа олмайди. Бу хона эса ҳозирда виртуал полигон вазифасини бажармоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг назарий билимини мустаҳкамлаш учун барпо этилган яна 2 та хонада бир вақтнинг ўзида тактик ва топографик тайёргарлик, ҳаво ҳужумидан мудофаа, жанговар ва фронт орти таъминоти йўналишлари, танк техника ҳамда автотехника таъминоти, ҳарбийларни ташиш, йўл ҳаракати қоидалари, ҳаво десант, тоғ ва тиббий тайёргарлик бўйича машғулотларни ўтказиш мумкин.

Ҳарбий қисмда шунингдек, округ Медиа студияси ҳам фаолият юритмоқда. Студияда барча мультимедиа воситалари жамланган.

Бой китоб фондига эга кутубхона эса ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий тайёргарлигини тизимли ташкил этиш, интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғусини оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳарбий қисмда янги ташкил этилган Қоровул шаҳарчасида ҳам исталган вақтда – туну кун амалий ва назарий дарсларни ўтказиш мумкин. Айни пайтда бу ерда бир суткалик наряд шахсий таркиби тайёргарлик жараёнини бошлаб юборган.

[gallery-5491]

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА