French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийлар ва хизматчилар “Заковат”да ўз билим ва малакаларини синовдан ўтказишди
16:54 / 2026-01-07

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан Сирдарё архитектура ва қурилиш техникумида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ҳарбий хизматчилар ва куч тузилмалари ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси, Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича вилоят Кенгаши, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгашининг ҳудудий бўлими ҳамда “Заковат” ННТ ҳамкорлигида ўтказилди.

Беллашувда ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимлардан иборат 5 та жамоа иштирок этиб, билим, тафаккур ва тезкор фикрлаш бўйича ўзаро куч синашди. Интеллектуал ўйин давомида иштирокчиларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти, жамоавий ишлаш кўникмалари ҳамда ватанпарварлик руҳидаги билимлари синовдан ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринга Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм жамоаси, 3-ўринга эса Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази жамоаси сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг билим ва тафаккурини ривожлантириш, жамоавий ишлаш кўникмаларини ошириш ҳамда ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлашга қаратилган интерактив машқлар ҳам ўтказилди.

Ҳокимият ва ҳарбий ташкилотлар раҳбарлари бу каби тадбирлар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, жамоавий ишлаш кўникмаларини ошириш ҳамда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири