Мустақиллигимизнинг 32 йиллик тантанаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Риштон туманидаги ҳарбий қисми аскар ва офицерлари учун қўшалоқ байрамга айланди.
Янги чегара қўриқлаш бўлинмасида замонавий кўп қаватли турар-жойлар ҳамда хизмат бинолари тантанали тадбир билан фойдаланишга топширилди. Фарғона вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси раҳбарлари иштирокида ўтказилган тадбирда Навбаҳор МФЙ ҳудудида 24 миллиард сўм маблағ ҳисобига амалга оширилган мажмуа–маъмурий бино, спорт шаҳарчаси, стадион, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари тарбияланиши учун мактабгача таълим ташкилоти, оила бекалари учун тикувчилик ва пишириқ цехи ҳамда асосийси 28 та хонадондан иборат турар жойлар фойдаланишга топширилди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ҳарбийларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан қутлаб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш мустақиллигимизни мустаҳкамлашдаги энг муҳим омил эканини қайд этди. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборлари натижасида сўнгги 7 йилда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилганига эътибор қаратган вилоят раҳбари, бунинг натижасида энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланган армиямиз, чегара қўшинларимиз шаклланганини мамнуният билан таъкидлади. Дарҳақиқат, мамлакатимизда қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш билан бирга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда.
Мазкур фойдаланишга топширилган бинолар, ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун янги уй-жойлар, спорт шаҳарчаси, болалар боғчалари, аёллар учун яратилган иш ўринлари чегарачиларни руҳини кўтариб, кучига куч қўшмоқда. Улар ўз хизмат вазифаларини хотиржам, кўнгиллари тўқ бўлиб бажаришларига, янада садоқат ва ватанпарварлик ҳисси билан жонажон Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашларида муҳим омил бўлаётир. Тадбирда ҳарбий хизматчиларга янги уй калитлари тантанали равишда тақдим этилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари хизмат бинолари, ошхона, болалар боғчаси, тикувчилик ва пишириқ цехи, хонадонларда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
М.Сулаймонов, ЎзА