Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийлар ўртасида “Китобсевар ҳарбийлармиз” мавзуида викторина ўтказилди
16:19 / 2022-11-02

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги курсантлари билан ҳамкорликда “Аждодлар жасорати – ибрат мактаби” шиори остида “Китобсевар ҳарбийлармиз” мавзуидаги викторина бўлиб ўтди.

Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети, ДХХ, ИИВ, ФВВ академияси, Давлат божхона институтининг курсантларидан таркиб топган ҳарбий олий таълим муассасалари жамоалари, профессор-ўқитувчилар ҳамда  ҳарбий хизматчилар иштирок этган тадбирда “Жадидчилик ҳаракати” намояндалари Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирийларнинг ҳаётидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.  

Сўнгра викторина шартлари бўйича чиқишлар қилинди. Викторинада жамоалар “Таништирув”, “Ифодали ўқиш”, “Лавҳа” шартлари бўйича беллашдилар. Шартларнинг оралиғида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Қуролли Кучлар академиялари курсантлари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.  

 Викторина Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қуролли Кучлар академияси Тиллар кафедраси вакилларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Қизиқарли ўтган викторинада ФВВ академиясининг “Қутқарувчилар” жамоаси фахрли биринчи ўринга муносиб деб топилди. Иккинчи ўрин эса мезбон Қуролли Кучлар академиясининг “Муносиб авлодлар” жамоасига насиб этди.  

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан ғолиб жамоаларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА