Фармон ва ижро
Мустақилликнинг йўли осон кечмади. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида бугунги ўрни ва обрўсига эришгунча не-не қийин, машаққатли йўлларни босиб ўтмади. Ватанни ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилишда юртнинг мард ўғлонлари ҳамиша жасорат кўрсатдилар.
Афсуски, уларнинг орасида ҳалок бўлган ҳарбий ҳизматчи ҳамда ходимлар ҳам бўлди. Уларнинг номларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан халқ қаҳрамонлари яқинларига имтиёз ва кафолатлар берилди.
Жумладан, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланади, олий ўқув юртларига давлат гранти асосида қўшимча квота орқали қабул қилинади. Ота-оналари темир йўл ва ҳаво йўллари транспортидан йилига икки марта бепул фойдаланадилар. Уларга бепул тиббий ёрдам кафолатланди. Санаторий ва курортларга йилига бир марта бепул йўлланма берилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f77bceNc_Rc" title="Ҳарбийлар онаси" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>...Марғилонлик Бобуржон Ғаниев Сариосиё орқали юртимиз чегараларини бузиб кирган босқинчиларга қарши жангларда ҳалок бўлган. Фарзанд доғи қанчалар оғир бўлмасин, муштипар она Мунаввар Ғаниеванинг қаддини буколмади. Иродаси енгилмас она ўғли Бобуржон Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида шаҳид бўлган, деб қабул қилди. Президент фармони шунинг учун ҳам қахрамон онанинг қаддини кўтарди.
–Отаси ҳарбий хизматчи, офицер бўлгани учун ҳар доим қурол ўйинчоқлар ўйнарди, онажон мен “командир” бўламан, дерди, – дейди Мунаввар Ғаниева. У доим “онажон, биз ўқишга кетяпмиз, ёки бирор ёққа кетяпмиз дуо қиласиз-а” дерди. Ўша кунлари Сурхондарёга кетаётганини айтгани йўқ. Ўғлимнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабардан ўзимни йўқотмадим. Ҳар битта инсонга ҳаётида бир марта умр берилади ва Бобуржон Ғаниев ўша бир марталик умрини Ўзбекистон Республикаси халқи учун, Ватани учун фидо қилди.
–Болаларнинг ватанпарвар, меҳнатсевар, чин виждонли бўлиши онага боғлиқ, – дейди қаҳрамон онаси. – Болам ана шундай бўлгани, Ватани учун жонини фидо қилгани учун мен бугун ҳарбийлар онаси бўлиб қолдим. Давлатимиз раҳбари биз каби оилаларни қўллаб-қувватлаганларидан миннатдормиз.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА