Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги навбатдаги “Армия ва ёшлар” фестивали ҳамда хайрия тадбирини Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги “Учсой” овул фуқаролар йиғинида ўтказди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Туб аҳолиси қозоқ миллатига мунсуб ушбу овул қачонлардир катта ҳажмда балиқчилик ривожланган Мўйноқ туманининг энг чекка ҳудуди ҳисобланиб, Нукус шаҳридан 220 километр узоқда жойлашган. Мазкур овулда битта қозоқ тилига ихтисослашган 6-умумтаълим мактаби бўлиб, унда 250 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олади.

Нукус шаҳридан Мўйноққа йўл олган ҳарбий хизматчиларнинг “Ватанпарварлик ва саховат карвонлари” манзилга етиб келиши билан ёшлар ва аҳоли қалбига қувонч ва илиқлик кирди. Мактаб ҳовлисида жам бўлган болажонлар ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларидан баҳраманд бўлиб, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан яқинроқ танишишга киришиб кетди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ижросида Ватанни мадҳ этган куй ва қўшиқлар, ҳарбий наволар болаларда ватанпарварлик руҳини, шижоатни оширган бўлса, шўх-шодон эстрада қўшиқлари уларни рақсга чорлади.

Жанговар қуроллар билан биринчи танишув ёшлар қалбида ўзгача ҳис-туйғулар билан кечди. Айниқса, ўғил болаларда бу кўпроқ сезилди. Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, юртга қалқон бўлиш ота-боболаримиздан қолган мерос, қонимиз, вужудимизга сингган олижаноб фазилатдир.
Болалар ўртасида ташкил этилган жамоавий ўйинлар уларда зукколик, эпчиллик, тезкорлик сифатларини намоён этиб, бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишни ўргатди. Ғолиб ва совриндорлар китоблар жамланмаси ҳамда махсус совғалар билан тақдирланди.

Шу куни ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан мактабда фаолият юритаётган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани синфхонаси учун кўргазмали воситалар, ўқув қуроллари ҳамда Қуролли Кучларимиз ҳақида маълумот берувчи баннерлар келгусида шу даргоҳдан кўплаб юрт ҳимоячилари етишади, деган эзгу ният билан тақдим этилди.
Нукус ҳарбий госпиталининг малакали шифокорларидан иборат бригада томонидан овул аҳлига тиббий хизматлар кўрсатилиб, зарур маслаҳатлар берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони туман ҳокими ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда “Учсой” овул фуқаролар йиғинининг “Нурли йўл” кўчасида истиқомат қилаётган тўрт нафар ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун ташаббускор ҳарбий хизматчилар томонидан бирламчи озиқ-овқат махсулотлари, кийим-кечак ҳамда яхши ҳолатда сақланиб қолинган ошхона ва ётоқхона мебель жиҳозлари тарқатилди.
Янги йил байрами арафасида бундай хайрли ишлардан кўнгли тўлган юртдошларимиз кўзларида қувонч ёшлари ила ҳарбийлар шарафига қўлларини дуога очиб, миннатдорлигини билдирди.
ЎзА