English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийлар коррупцияга қарши муросасиз курашади
18:00 / 2023-05-31

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар ишчи-хизматчилари иштирок этган тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи ўринбосари, полковник Алишер Ширинов, Мудофаа вазирлиги коррупцияга қарши курашиш ички назорат бўлими бош мутахассиси Музаффар Акрамов ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда коррупция ҳамда тамагирликка қарши муросасиз кураш олиб борилаётганини қайд этди.

Бироқ, ҳануз айрим мансабдор шахсларнинг ўз вазифасини суиистеъмол қилиши, порахўрлик ҳолатларига дуч келинаётгани қайд этилиб, унинг салбий оқибатлари ва бунинг учун жазо муқаррарлигига алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги қонунчилик ва бу йўналишда мудофаа тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.  

Таъкидландики, жамиятда коррупцияга қарши курашиш раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклайди. Жамоада соғлом муҳит яратиш учун раҳбар бошқаларга ибрат бўладиган алоҳида ўринга эга бўлиши керак. Йиғилишда шу ҳақида ҳам фикр алмашилди. Иштирокчилар тамагирлик ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик ва коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб боришга чақирилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА