Мудофаа вазирлигининг Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи Термиз гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбийлар учун 30 хонадонга мўлжалланган беш қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва 14 январь Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўз эгаларига топширилган кўп қаватли уйда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун барча шароит яратилган.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор, юрт тинчлиги, хонадонлар ободлигини таъминлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Сурхондарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори ҳамкорлигида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди.
Тадбирда янги хонадонларнинг калитлари ўз соҳибларига тантанали топширилди. Янги уйни тез ва сифатли бунёд этган “Фаровон инвест” масъулияти чекланган жамиятининг бир гуруҳ илғор қурувчиларига ташаккурнома топширилиб, қимматбаҳо совғалар туҳфа қилинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА