English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийлар Афғонистонга чегарадош туманда ёшлар билан учрашди
09:33 / 2021-09-18

Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадош Музработ тумани Ал Ҳаким ат Термизий маҳалласидаги касб-ҳунар мактабида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлиги ҳамда Термиз гарнизони ҳарбий оркестр ҳарбий хизматчилари, туман ҳокимлиги, ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда ёш авлодга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг орзу-истакларини руёбга чиқариш учун берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Қалбида миллий армиямиз сафларида йигитлик бурчини ўташ истаги жўш уриб турган ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

–Айни пайтда ҳудудимиз билан чегарадош Афғонистонда юз берган воқеалар ҳамон дунё ҳамжамияти эътиборида турибди, – дейди Музработ туман касб-ҳунар мактабининг ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари Жамшид Назаров. – Қўшни мамлакатда юз бераётган воқеа-ходисалар бу уларнинг ички иши. Бизга умуман алоқаси йўқ. Таъсири ҳам сезилмади. Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқлар Афғонистонга вилоятимизда чегарадош бўлган ҳудудлар ҳақида турли гап-сўзлар юритди. Лекин, чегара ҳудудда яшасак-да, биз ҳеч қандай хавотирни сезганимиз йўқ. Барча ўз иши билан банд. Таълим муассасаларимизда қизиқарли тадбирлар ўтказилмоқда. Чегараларимиз мустаҳкамлиги ва Ватанимиз ҳимоячиларининг сергаклигига ишонамиз. Шу боис кўнглимиз хотиржам, осойишта ҳаёт кечираяпмиз. Тинч, осуда турмушимиз қўриқчилари томонидан ташкил этилган бугунги тадбир ҳам маҳалламизга байрамона шукуҳ улашгани билан эсда қоларли бўлди.  

Учрашувда мустақилликни мустаҳкамлашда ёш авлод ўрни, ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди.  

– Бу тадбир келгуси ҳаётимни белгилаб олишга сабаб бўлди, — дейди касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Отабек Ҳасанов. – Ҳозир автомобилларни таъмирлаш чилангари касби сирларини қунт билан ўрганаяпман. Ҳарбий либоси ўзига ярашиб турган акаларим билан учрашгач, келажакда ҳарбий хизматчи бўлиш орзуим янада мустаҳкамланди. Ҳарбий либоснинг нақадар шарафли эканини қалбан чуқур ҳис этдим. Она Ватаннинг ҳар қарич тупроғини кўз қорачиғидек асрашнинг мазмун-моҳиятини янада теран англадим.  

–Вилоятдаги олис ва чекка маҳаллаларда ўтказаётган бундай маданий-маърифий тадбирларимиз сўнгги йилларда армия ва халқ бирлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир,–дейди Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Алишер Ширинов.– Дунёнинг кўплаб давлатларида юз бериб турган таҳликали даврда Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун ёш авлод онгу-шуурида ватанпарварлик туйғусини, мард, жасур аждодларимиз давомчилари бўлиш ҳиссини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ёшлар учун ўтказилаётган тадбирларда Давлат чегарасининг химояси ғурурли иш эканини тушунтириб, чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўсмирларни жисмонан чиниққан, маънан соғлом тарбиялашга кўмаклашишга, халқимизнинг бой тарихий анъаналари асосида Ватанга садоқат руҳида камолга етказишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Термиз ҳарбий гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси юртга садоқат, мардлик, жасурлик ва ватанпарварликни тараннум этувчи куй- қўшиқларни ижро этиб, ёшларга ўзгача завқу-шавқ улашди.  

Тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчи-ёшларга китоблар жамланмаси ва бошқа эсдалик совғалар топширилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА