English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийлар 105 ва 95 ёшни қарши олган уруш қатнашчилари хонадонида бўлди
17:08 / 2021-04-20

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлигининг Хайрабод гарнизони ҳарбий хизматчилари Денов туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари – 105 ёшли Ашур бобо Рўзиқулов ҳамда 95 ёшли Досик бобо Меридов ҳолидан хабар олди.

Пиру-бадавлат отахонлар билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгаши раиси Содиқжон Турдиев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Орзиқул Соатов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Алишер Ширинов ҳамда Мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгашининг вилоят бўлими масъуллари иштирок этди.

Тумандаги Янгиобод маҳалласида яшайдиган Ашур бобо тақдир тақозоси билан ўн етти ёшида урушга отланган. Оғир жангу-жадалларда мардонавор курашиб, кўплаб душманни ер тишлатган. Мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган. 105 ёшдаги отахон ҳали ҳам тетик. Урушда кўрган- кечирганларини жуда тиниқ хотирлайди.

– Жанг майдонига жўнаганимда совуқ қиш фасли эди, – дейди Ашур бобо Рўзиқулов. – Қаранг-а, ўшанда ёш бўлсакда, Ватанга меҳримиз қанчалик юксак бўлса, душманга нафратимиз бундан ҳам кучлироқ бўлган экан. Ёшликдаги ана шу ҳис-туйғу бизни ер юзидаги нияти бузуқ газандалардан тозалашга чорлаган. Қуролдош дўстларимиз билан душманни йўқ қилиб, олға ҳаракатланаётганимиз ҳар биримизни мардлик ва жасорат кўрсатишга ундаган. Ўша кунларни биз кўрдик, бошқа авлодлар бошига тушмасин. Урушнинг номи ўчсин! Эҳ-ҳе, не-не полвон келбат, қалби тоза, мард дўстларимиздан, ака-укаларимиздан ажралдик. Ҳали ҳам мудҳиш уруш йилларини эсласам, беихтиёр кўзимга ёш келади. Даҳшатли жанглар кўз олдимдан ўтади. Сўнгги йилларда биз, Уруш қатнашчиларига қаратилаётган юксак эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда. Илоҳим, юртимиз ҳамиша тинч, мамлакатимиз обод бўлаверсин.

Жомий маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Досик бобо Меридов хонадонида бўлган ҳарбий хизматчилар ҳаёти жасоратга тўла отахон билан дилдан суҳбатлашди. Уруш ва урушдан кейинги йиллардаги ҳаёти билан яқиндан танишди. Кўкрагини турли орден ва медаллар безаб турган уруш қатнашчиси ҳозирги тинч, фаровон ҳаётга шукрона айтди.

Шу куни Ашур бобо Рўзиқулов ва Досик бобо Меридов Ватанимизга тинчлик, кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга бардавомлик, ёш авлодга бахту-саодат тилаб, дуога қўл очди. Хотира ва қадрлаш куни олдидан муборак Рамазон ойида ҳол сўраб келгани учун меҳмонларга чуқур миннатдорлик билдирди.

Қизғин суҳбатлар якунида меҳмонлар пиру-бадавлат отахонларга совғалар улашди. Хайрабод гарнизони ҳарбий оркестри уруш давридаги куй ва қўшиқларни ижро этиб, уларнинг қалбига бир олам қувонч бағишлади.

 

Холмўмин Маматрайимов,  ЎзА