Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий хизматчининг бир куни
12:56 / 2020-12-09

Тошкент ҳарбий округига қарашли сафарбарлик чақируви резерви батальонларидан бирида ҳарбий хизматчиларнинг бир кунлик фаолиятига назар ташланди.

Ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар ҳамроҳлигида кузатиб борилди.

Юртимизда Бош қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан ҳарбий қисм маданият марказида давра суҳбати ташкил этилиб, унда Гулистон ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси, адлия катта лейтенанти Алишер Аҳмедов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани кенгаши раиси ўринбосари Сафия Абдулқодирова ҳамда Сирдарё туманининг 3-, 42-мактаб ўқувчилари иштирок этди.

Қизиқарли кечган тадбирдан сўнг ёшлар ҳарбий қисмдаги жанговар қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар ҳақида бошланғич маълумотларга эга бўлди. Маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида эса Амир Темурнинг ҳарбий юришларига оид манбалар, хусусан, “Темур тузуклари”, Люсьен Кереннинг “Амир Темур салтанати” асарларининг ғоявий-бадиий жиҳатлари ўрганилди.

Ҳарбий қисм электрон кутубхонасида ҳарбий хизматчилар ижтимоий сайтлар орқали юртимиз ва дунё ҳаётида кечаётган ҳарбий, ижтимоий-сиёсий янгиликларни доимий ўқиб боришлари мумкин. Шунингдек, Ziyonet порталидаги 6 000 дан ортиқ электрон ва аудио китоблар фойдаланувчилар ихтиёрида.

Бадиий кутубхонада эса илмий ва оммабоп, бадиий-сиёсий ҳамда газета ва журналлардан ташкил топган 2000 донадан ортиқ ўқув адабиётлари ва қўлланмалар, нашрлар мавжуд.

Ҳарбий хизматчиларнинг соғлом ҳаёт кечиришларида тиббиёт ходимларининг ҳам ҳиссаси катта. Барча шароитларга эга бўлган тиббиёт пунктида ҳарбий хизматчилар ҳар куни тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳамширалар томонидан зарурий муолажалар олиб борилади.

Навбатдаги ўқув нуқтасида ҳарбий хизматчилар отиш тайёргарлиги машғулотидан ўқотар қуролларнинг техник-тактик хусусиятлари, қурол-аслаҳалар эҳтиёт қисмларининг номланиши, уларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича назарий-амалий сабоқлар олишди.

Кейинги ўқув нуқтаси ДК-440 фотоэлектрон ўқ отиш тренажёри бўлди. Бу ерда ҳарбий хизматчининг синчи ва сергаклиги синовдан ўтказилади. Машғулотлар гуруҳ сардори томонидан баҳолаб борилди ва мерганлар эътироф этилди.

Муҳим ўқув нуқталаридан яна бирида шубҳасиз, жангчининг сабру иродаси имтиҳондан ўтади. Тактик шаҳарчадаги машғулотларда жанг майдонидаги хатти-ҳаракатлар, манёвр усуллари ўргатилади.

– Бундан кўзланган мақсад – жангчининг жанговар руҳини барқарорлаштиришдан иборат, – деди взвод командири майор Фирдавсий Қўзиев. – Жангчи ўз позициясидан ўқ отиб, симли тўсиқлардан ўтади ва кейинги ўқ отиш позициясини эгаллайди. Машқни бажариб бўлгандан сўнг машғулот раҳбарига билдирув беради.

Ўқувчи-ёшлар, шунингдек, саф тайёргарлиги, қуролсиз ҳамда қурол билан саф амалларининг бажарилишига ҳам гувоҳ бўлишди. Шу куни ўнлаб ёш ўғлонларнинг кўнглида ҳарбий хизматга бўлган меҳр уйғонган, она Ватан ҳимоятига бўлган шижоат барқ урган бўлса ажаб эмас.

Бобур ЭЛМУРОДОВ,  

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти ходими