English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси қандай таъминланмоқда?
17:07 / 2026-01-22

Ҳарбий прокуратура органлари томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси Ботир Собиров маълумот берди:

– Ҳарбий прокуратура органлари томонидан 2025 йилда ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг олис ва чекка ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказилди. Уларда кўтарилган 600 дан зиёд мурожаат, жумладан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳаётида учраётган 300 дан ортиқ масала жойида ижобий ҳал этилди. 

Жойларда 160 дан зиёд меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, натижада ҳарбий хизматчиларнинг қарийб 2 минг нафар оила аъзолари иш билан таъминланди. 

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар учун ташкил этилган 80 га яқин меҳнат ярмаркалари ва бошқа ҳуқуқий-амалий тадбирлар орқали 9 мингдан ортиқ фуқаро иш билан банд бўлди.

Ҳарбий прокуратура органлари томонидан тиббиёт бирлашмалари ва ҳарбий госпитал билан ҳамкорликда олис ва чекка ҳудудларда 30 дан ортиқ чуқурлаштирилган бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Уларда 5 мингга яқин хотин-қизлар ва болалар тор ихтисосликлар бўйича малакали тиббий мутахассислар текширувидан ўтказилди. 

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Қуролли Кучлар вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда олис ҳудудларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг рафиқалари ва маҳаллалар аёллари иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар аёллари” кўрик-танловлари ташкил этилди. 

Ёшларни юртга садоқат руҳида камолга етказиш, уларнинг мамлакат тараққиёти учун дахлдорлик масъулиятини ошириш мақсадида турли тадбирлар ва учрашувлар ўтказилди. Мулоқотларда ёшларнинг қизиқиш ва мақсадлари ўрганилиб, уларга ҳам маънавий, ҳам ҳаётий йўл-йўриқлар, амалий кўмаклар берилди.

Ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириш мақсадида жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим саналар муносабати билан кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилди. 

Китоб қалбни уйғотиш, ақлни чархлаш ва ҳаёт мазмунини англаш учун сув ва ҳаводек зарур. Шу нуқтаи назардан барча ҳудудий ҳарбий прокуратуралар томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 100 га яқин китоб кўргазмаси ташкил этилди. Ёшларда мустақил фикрлаш, билимга қизиқиш, интеллектуал рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида 85 маротаба “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. 

Чегараолди ҳудудларда жойлашган 570 маҳаллада яшовчи 50 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинган ҳолда жами 500 дан ортиқ ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди. Жараёнларда турли спорт мусобақалари уюштирилгани ёшларимизни соғлом, масъулиятли, спортга ошно этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.

1,2 мингдан ортиқ “Прокурорлик соати” машғулотлари ўтказилди. “Ҳарбий прокурор ва ёшлар” учрашувлари 30 мингдан зиёд йигит-қиз билан очиқ мулоқот майдонига айланди. Ёш ҳарбий хизматчилар, мактаб ўқувчилари ва маҳалла ёшлари ўртасида “Ҳарбий прокурор кубоги” учун 100 дан ортиқ спорт мусобақалари ташкил қилинди. 

Ҳарбий прокуратура томонидан жорий этилган “Қуролли Кучларда ижтимоий ҳимоя” ягона электрон платформаси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун ишончли манбага айланди. Платформадаги биргина “Уй-жой таъминоти” модули орқали турар жойга эҳтиёжмандлар навбати ва имтиёзли ипотека ажратиш жараёни илк бор инсон омилидан холи ва шаффоф тизимга ўтди. 

Жорий йилда ҳам ҳарбий прокуратура органлари томонидан бу борадаги чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. 

Н.Абдураимова, ЎзА